Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ КваИЖҚКБ хабар беришича, жорий йил 2 март куни Тошкент шаҳар ИИББга МЧЖ раҳбари ариза билан мурожаат қилган.
Аризада у раҳбарлик қилаётган фирма ҳақида Статистика қўмитасининг электрон ҳисобларига реквизитлар хатолик билан киритилгани сабабли Давлат статистика қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасига мурожаат қилгани, бошқарма бошлиғи ўринбосарларидан бири фирманинг СТИР рақамларини тўғрилаб, электрон ўзгартириш киритиш учун 200 АҚШ доллари беришини талаб қилаётганини маълум қилган.
Мазкур аризага асосан, шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Давлат статистика қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарларидан бири ариза муаллифидан 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан қўлга тушди.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги ТБ томонидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.