Ҳафтанинг ҳар жума куни, 9:00да Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг youtube канали ҳамда ilm.argos.uz малака ошириш платформаси орқали тақдим этилаётган “Сиёсий-маърифат соати” шу мақсадда ўтказилмоқда. Мазкур ўқув соати вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбар ва ходимлари учун мўлжалланган.
Ўқув соатларида маърузачилар томонидан мамлакатимизда ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишдаги очиқлик ва ошкораликни таъминлаш масалалари, аҳоли билан мулоқот қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ёшларга оид ижтимоий муаммоларни самарали ҳал этиш, давлат хизмати самарадорлигини ошириш, мамлакатимиз ва жаҳонда содир бўлаётган муҳим воқеалар тўғрисида маълумотлар берилмоқда.
Бугун ҳам иш куни аввалида бошланган ўқувда ҳафта давомида қабул қилинган долзарб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, ёш сайловчиларни сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишини таъминлаш, Марказий Осиё ва Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши учрашувлари, шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг электрон хизматлари ҳақида маълумот берилди.
— Ҳар ҳафта жума кунини кутадиган бўлиб қолдик. Ҳамкасбларимиз билан "Сиёсий-маърифат соати"ни доимий томоша қиламиз. 45 дақиқа ичида ҳафта давомидаги энг муҳим янгиликларни тезкорлик билан билиб олаяпмиз. Муҳим ва долзарб мавзуларда эса спикерларнинг шарҳлари бериляпти. Бу ўз навбатида фаолиятимизни самарали ташкил этишимизга ҳам анча қўл келяпти, — дейди Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Абдуқаюм Абдушукуров.
Таъкидлаш керакки, ушбу ўқув соати давлат фуқаролик хизматида фаолият юритаётган хизматчиларнинг сўнгги хабар ва янгиликлардан хабардорлигини ошириш, фаолиятига янги ракурсдан қараш, шунингдек республикамиз ва хорижий мамлакатларда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни таҳлил қилиш кўникмасини шакллантирмоқда.
— Ушбу ўқувлар давомида жамоамиз билан ҳар бир кўтарилган масалани таҳлил қилиш учун айни муддао бўляпти. Бу каби, ўқувлар айниқса, бизга ўхшаган ёш давлат хизматчилари учун керак. Сабаби, давлат хизматчиси ҳар доим турли вазиятларда ўз позициясини билдиришга тайёр бўлиши лозим, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ходими Шерзод Нарзуллаев.
Сиёсий-маърифий ўқувлар фақатгина янги хабарларни ўзлаштиришдан иборат эмас, балки бу — улар воситасида халқ билан мулоқот қилиш кўникмасига эга бўлиш, ўз фикр-мулоҳазаларини эркин, дадил билдира олиш, атрофдагиларга келажакка бўлган ишонч туйғусини шакллантириш дегани ҳам.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ўқув соатлари Президент Администрацияси Раҳбари ҳузурида 2020 йил 23 октябрда бўлиб ўтган йиғилишда белгилаб қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.