Сирдарё вилоятининг нурчилар шаҳри Ширинда Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимининг янги биноси очилди. Аввалги бинода марказ томонидан бир кунда ўртача 40-50 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатган бўлса, энди иш қуввати икки баробарга ошиши учун қулай имконият яратилди.

Қарийб ўн уч мингдан зиёд аҳоли яшовчи шаҳарда 2020 йилнинг ўтган даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 4 476 та давлат хизматлари кўрсатилди.

«Жасур қурувчи» МЧЖ қурувчи бунёдкорлари томонидан қисқа муддатларда қуриб, фойдаланишга топширилган янги бинонинг умумий майдони 288 квадрат метрни ташкил этади. Халқ қабулхонаси билан ёнма-ён жойлашган бинода тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Бош вазир қабулхонаси, ФҲДЁ бўлими жойлашган.

Ўзига хос, замонавий кўринишга, барча шароитларга эга бино зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, бу ерда бир вақтнинг ўзида 5 нафар, бир кунда 200 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, ташриф буюрувчиларнинг навбати мониторларда кўриниб туради. Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

-Ушбу бинонинг фойдаланишга топширилиши янги йил арафасида шаҳримиз аҳолиси учун муносиб совға бўлди, - дейди ширинлик меҳнат фахрийси Қурбонали Ўрмоналиев.- Айниқса, Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимининг бир жойда жойлашгани шаҳримиз ёшлари қулай шароитларни яратди. Бу ерда яратилган шароитларни, шинам ва бежирим безак берилган мўъжазгина тантаналар залини, хизмат кўрсатиш ҳудуди, кутиш жойлари, қизиқарли китобларни жамлаган кутубхонани кўриб жуда қувондик.

Ушбу бино вилоятда Сайхунобод ва Сирдарё туманларидан кейин очилган учинчи янги бино бўлди.

Дилфуза Жарбекова,

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси

жамоатчилик ва ОАВ

билан алоқалар шуъбаси ходими.