Ўрта Чирчиқ туман Давлат хизматлари маркази томонидан туман марказий поликлиникаси ходимлари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимиз давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизими изчиллик билан такомиллаштирилаётганлиги ва модернизация қилинаётганлиги, бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди. 

Туман Давлат хизматлари маркази директори Севара Ҳошимова сўзга чиқиб, фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги ҳамда 2022 йил 1 январдан айрим давлат хизматларини кўрсатишда ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўлов миқдорлари камайтирилганлигини айтиб ўтди.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилиб, марказлар томонидан қамраб олинган хизматларни кўрсатиш муддати ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони ўртача икки баробарга қисқартирилди.

“Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида иштирокчилар туман Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимларида фуқаролар учун яратилган  қулайликлар, хизмат кўрсатиш, шу билан биргаликда давлат хизматларини олиш жараёни билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Марказдаги ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчагида мутахассислар ёрдамида керакли давлат хизматларидан мустақил фойдаланди.

Шунингдек, тадбир сўнгида масъул ходимлар томонидан иштирокчиларга ўзларининг қизиқтирган масалалари юзасидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

матбуот хизмати