Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Давлат хизматлари агентлиги, Мактабгача таълим ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан «Электрон давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби» мавзусида тасдиқланган ўзаро ҳамкорлик Меморандуми доирасида мунтазам равишда ўқув семинарлари ўтказиб келиняпти.

Семинарлар давомида таълим муассасалари ходимлари ва ўқувчилари ўртасида Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлардан онлайн тарзда фойдаланиш бўйича кўникмаларини шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирлари амалга ошириляпти.  

Агар 2020 йил давомида давлат хизматларидан онлайн тартибда фойдаланиш бўйича Сирдарё вилояти бўйича жами 4 417 та мурожаат қабул қилинган бўлса, олиб борилаётган тарғибот тадбирлари натижасида жорий йил 20 май ҳолатига давлат хизматларидан онлайн тартибда фойдаланиш бўйича фуқаролардан 2 755 та электрон мурожаатлар қабул қилинган.

Дарҳақиқат, олиб борилаётган тарғибот тадбирлари ҳамда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда одамлар кўп тўпланадиган жойларга боришдан сақланиш эҳтиёжи туфайли давлат хизматларидан онлайн тартибда фойдаланиш оммалашяпти.

Айниқса, бугунги кунда ҳар бир фуқарода мобиль алоқа воситалари орқали интернет тармоғига уланиш ва зарур хизматлардан my.gov.uz сайти орқали мустақил равишда давлат хизматларини олиш имконияти бор. Ушбу имкониятдан фойдаланиш эса фақатгина тараққиётга хизмат қилиши тайин.

Бекзод Артиков,

Давлат хизматлари агентлиги

Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи.