Мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаб келмоқда, 157 та миллий-маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Бу хилма-хиллик кўп асрлик тарихий жараёнлар натижасида шаклланган ноёб ижтимоий ҳодиса саналади.

Юртимизда миллий маданиятларни ривожлантириш, миллатлараро тотувликни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, шу орқали ёш авлодни бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Дўстлик боғи ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биносига туташ майдонда барпо этилган, йигирма икки миллатнинг ўзига хос архитектураси акс этган павильон ҳам ушбу эътиборнинг ёрқин тасдиғидир.

Бу ерда қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқирд ўтовлари, корейс, беларус, украин, грек, олмон, дунган, поляк, яҳудий, грузин, арман, татар ва қрим-татар, уйғур, турк, тожик, хитой, рус ҳамда озарбайжон халқларининг икки қаватдан иборат дўстлик уйлари жойлашган.

Интерьерлар ўша халқнинг миллий анъаналарига мос ҳолда безатилган. Экспозицияларда эса миллий либослар, чолғу асбоблари, декоратив-амалий санъат намунаси, тарихий макетлар ва маданий меросни акс эттирувчи кўплаб экспонатлар ўрин олган.

Бугун павильонда Наврўз шукуҳи ҳукм сурмоқда, зеро, Наврўз ўзи билан бирдамлик, янгиланиш ва яхшиликка даъват каби эзгу ғояларни олиб келувчи байрамдир.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир миллий маскан фаолияти билан танишди. Иштирокчилар билан самимий мулоқот қилди.

Учрашувлар чоғида миллий-маданий марказларнинг умумхалқ байрамларини юксак руҳда ўтказишдаги ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Юксак ватанпарварлиги, фидойи меҳнати билан республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга қўшаётган ҳиссаси учун турли миллатга мансуб юртдошларимизга миннатдорлик билдирилди.

Президентимиз павильон меҳмонлари учун учун ташкил этилган бадиий дастурни томоша қилди. Миллий маданий марказлар вакиллари билан биргаликда суратга тушди.