Бу ҳақда Бизнес-омбудсман маълум қилди.
Қайд этилишича, амалдаги солиқ қонунчилигига мувофиқ, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари учун ер солиғини ҳисоблашда алоҳида тартиб белгиланган. Бироқ амалиётда ушбу талабларга риоя этилмаслиги натижасида айрим тадбиркорлар асоссиз молиявий йўқотишларга учраётгани қайд этилмоқда.
Солиқ кодексининг 435 ва 437-моддаларига асосан, деҳқон хўжаликларига берилган қишлоқ хўжалиги ерлари учун солиқ базаси ер участкасининг норматив қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда солиқ ставкаси норматив қийматга нисбатан 0,95 фоиз миқдорида қўлланилади. Ер солиғини ҳисоблашда ер участкасининг нотурар объект эмас, балки қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланганлиги асосий мезон ҳисобланади.
Бизнес-омбудсман девони томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Самарқанд вилоятида 14 та деҳқон хўжалигига нисбатан солиқ ҳисоблашда хатоликларга йўл қўйилгани аниқланди. Хусусан, 2022–2025 йиллар учун ушбу хўжаликларга тегишли 3,9 гектар ер майдони норматив қийматдан келиб чиқмаган ҳолда, нотурар объект сифатида, яъни юридик шахслар учун белгиланган ставкаларда солиққа тортилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида деҳқон хўжаликларига асоссиз равишда ортиқча ҳисобланган 465,6 миллион сўмлик ер солиғи бекор қилиниб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланди.