Ҳақиқатан ҳам бу деҳқон қадрини улуғлаш, унинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва маҳсулот ҳажмини оширишдаги энг тўғри йўли ҳисобланади. 38 йилдан буён қишлоқ хўжалигида, унинг 20 йилга яқинини фермерлик соҳасида ишлаш билан ўтказган бўлсам, фермер ва деҳқоннинг манфаатдорлиги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, сифатининг ошишига бевосита боғлиқлигини ўз тажрибамдан яхши биламан.
Ғаллачиликда бу йўналишдаги ислоҳотларга уч йил олдин киришилган эди. Пухта тайёргарликдан кейин шу мавсумдан бошлаб ғаллакорлар етиштирган ҳосилига ўзлари эгалик қиладиган ва биржа нархларида сотадиган бўлди.
Фермер хўжалигимиз мисолида оладиган бўлсам, ихтиёримиздаги 90 гектар майдоннинг 58 гектарига ғўза, 30 гектарига ғалла ва 2 гектар майдонда соя етиштиряпмиз. Пахта ва ғалла ҳосилини кластер корхоналари харид қилишса, соя ҳосили учун қайта ишловчи муассасалар билан шартнома имзолаганмиз. Даромадларимиз ҳисобидан хориждан наслли қорамоллар келтириб, чорвачилик тармоғини ташкил этдик.
Ғаллачиликка келсак, ўтган йили 30 гектар майдондан 70 центнердан ҳосил олдик. Шартномага асосан, дон комбинатига 1550 сўмдан 100 тонна ғалла топширган бўлсак, яна шунча маҳсулот хўжалигимиз ихтиёрида қолди. Лекин очиғини тан олиш керак, уни сотишдан тушадиган маблағ ёқилғи, минерал ўғит, ишчи кучи ва бошқа харажатларга сарфланиб, фермернинг манффатдорлиги бўлмасди. Яъни, фермерлар ғалланинг ўрнига такрорий экин экишдан умидвор бўлиб қоларди.
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи давомида худди шу масалага баҳо берар экан: “Бозорда 4 миллион сўм бўлган буғдойни комбинатлар ярим нархига олган, фермерлар шуларга боғланиб қолган. Ўртадаги фарқ пора ва ўзлаштириш шаклида кимларнингдир чўнтагига кирган. Дон комбинатлари раҳбарларини қанча жазоласак, қамасак ҳам фойдаси йўқ, чунки тизимни ўзгартириш шарт. Ғалланинг харид нархини икки баробар оширдик.
Деҳқон ҳосилдорликдан манфаатдор бўлсин, етиштирган ҳосилини истаган жойига сотсин, рақобат бўлсин. Рақобат бўлса, ҳосилдорлик ошиши учун иштиёқ ошади, соҳага илм, янги навлар кириб келади”, – деди ва шу пайтгача очиқ айтолмай келган муаммоларимизни шу тариқа ҳал қилиб берди.
Президентимизга фермерлар муаммосини яхши билиб, эски тизимни ўзгартиргани, ғалла харид нархини ошириш орқали бизнинг манфаатдорлигимизни таъминлаб берганлиги учун раҳмат. Бу йил ҳам хўжалигимизда 30 гектар майдондаги ғалладан 70-75 центнердан ҳосил олишни режалаштиряпмиз. Давлат ресурслари учун йўналтирладиган 110 тонна ғаллага ўтган йилгига нисбатан икки карра кўп нархда ҳақ тўланади. Шу нархда харид қилинган буғдой ойма-ой биржага чиқарилади, агар нархлар ошса, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бу жараёнда донни омборда сақлаганлик ва биржа савдолари учун тўланадиган тўловлардан озод этилади. Шу каби ўзгаришлар ва енгилликлар туфайли хўжалигимизда ғалладан 400 миллион сўм даромад олишни кўзлаб турибмиз.
Бу даромад аслида ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади. Мисол учун, аввал гектар бошига ҳосилдорлик 70 центнерни ташкил этган бўлса, кейинги йилдан 80-90 ва яқин истиқболда 100 центнерга етказишни ният қиляпмиз.
Тажрибамда юз берган ҳолатлар туфайли танланган йўлнинг қанчалик тўғрилигини яна бир карра ҳис этиб турибман. Яширишнинг ҳожати йўқ, 4-5 йил аввал фермер хўжаликлари ғўза майдонининг маълум қисмига бошқа даромадли экинлар экишга уринишарди. Президентимиз ташаббуси билан пахтачиликда катта ислоҳотлар ўтказилиб, соҳада кластер тизими жорий этилди. Биринчилар қаторида туманимизда “Мароқанд сифат” кластер корхонаси ташкил этилди. Натижада пахта хомашёсининг давлат хариди эркин нархга ўтди. Бу фермерларга катта манфаат келтирди.
Кластер тизимининг афзаллиги туфайли маҳсулотни юқори нархда сотиш, вақтида керакли маблағни олиш имкони бор, Ҳаттоки, бир неча йил олдин банкдан катта фоиз эвазига кредит олиб, жорий этиладиган томчилатиб суғориш тизимини кластер корхонаси фоизсиз 4 йилда бўлиб тўлаш шарти билан хўжаликларга ўрнатиб бермоқда. Фермер бу тизимдан, пахтачиликдан манффат кўргани учун майдонни қисқартириш тугул имкон қадар кўпроқ ерга ғўза экишга ҳаракат қилмоқда. Чунки пахта хомашёсини қанча кўп топширса, шунча кўп манфаатдор бўлади.
Ҳозирда ғаллачилик тармоғида ҳам кластер тизими ривожланяпти. Қолаверса давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан донни сотиш ва харид қилиш нархи эркинлашмоқда. Шундай экан, эндиликда ғаллачилик тармоғи ҳам даромадли йўналишга айланади.
Зайнаб ҲАЙДАРОВА,
Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги
“Меҳнат-роҳат” фермер хўжалиги раҳбари,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор