Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қашқадарёда, жумладан, Деҳқонобод туманида аҳолига қулайлик яратиш, бандлигини таъминлаш, соҳаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишган ОАВ вакиллари “Зарафшон текстиль” тикувчилик корхонасининг 12-филиали ҳамда “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти иш жараёнларига гувоҳ бўлди.
Президентимиз топшириғига биноан фаолияти йўлга қўйилган “Зарафшон текстиль” тикувчилик корхонасининг 12-филиали 2023 йилда Деҳқонобод туманида амалиётга татбиқ этилган энг йирик лойиҳалардан бири саналади. Мазкур корхонада Туркия технологияси асосида йилига қарийб 1,5 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари тайёрланади. “Зарафшон текстиль”нинг ушбу филиалида айни кунда уч юз нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Улар учун бепул тушлик ва транспорт хизмати ташкил этилган.
Эътиборли жиҳати, корхона қошида хотин-қизларга тикиш-бичиш сирлари ҳам ўргатилади. “Зарафшон текстиль”га ишга қабул қилишда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган аёлларга устунлик берилар экан.
Пресс-тур қатнашчилари бўлган Қашқадарё ва сурхондарёлик журналистларнинг кейинги манзили мамлакатимиз ва Марказий Осиёдаги йирик калий ишлаб чиқариш корхонаси – “Деҳқонобод калий заводи” бўлди. Журналистларга завод тарихи ва бугунги кундаги фаолияти бўйича тўлиқ маълумот берилди.
– Заводимизда жорий йилнинг 11 ойи давомида 668,8 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, 23 та давлатга 425 млрд сўмлик минерал ўғитлар экспорти амалга оширилди, – дейди “Деҳқонобод калий заводи” АЖ Бошқарув раисининг маслаҳатчиси Зебо Салимова. – Экспортнинг энг катта улуши Япония, Эрон, Индонезия, Латвия, Вьетнам, Малайзия, Туркия ҳамда Литва каби давлатларга тўғри келади. Ҳозирги кунда жамиятда 2 минг беш юз нафарга яқин ишчи фаолият юритмоқда. Шундан 30 ёшгача бўлган ходимлар 335 нафарни ташкил этади. Президентимизнинг тегишли фармони билан "Деҳқонобод калий заводи" АЖда 2008 йилдан буён ишлаб келаётган тоғ-кон мажмуаси ер ости кон тозалаш ва тайёрлаш участкаси машинисти Зокир Тўрақулов “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани юртимиз кимё саноати фидойи ва ёш ходимларига қаратилган юксак эътироф рамзи бўлди.
Журналистлар калий ўғитлари ишлаб чиқариш цехлари, завод лабораторияси, бу ерга келтирилаётган хомашё тайёр маҳсулот ҳолига келгунига қадар бўлган технологик жараёнлар билан танишди.
ОАВ вакилларига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, “Яшил белбоғлар” яратиш лойиҳаси бўйича корхона ва унга туташ бўлган ҳудудларда 120 минг дарахт кўчатлари (қайрағоч, туя арчаси, бодом, олма, ток, айлант, қайрағоч, наъматак ва ясин) ҳамда буталар (форзиция ва девор гули) экилгани ҳақида маълумот ҳам берилди.
Пресс-тур иштирокчиларининг жамият фаолиятига оид саволларига “Деҳқонобод калий заводи” масъуллари томонидан батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Ахборот хизмати