— Конституциянинг 99,100, 101-моддаларига асосан, жойларда ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар ваколатини ажратиш, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.
Мазкур таклифни таҳлил қилиб, унинг бир қатор муҳим жиҳатларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчидан, мазкур норма, маҳаллий даражада ҳам ҳокимиятлар бўлиниши мустаҳкамланиши ҳудудларда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг конституциявий асосларини мустаҳкамламоқда.
Иккинчидан, амалдаги Конституциямизнинг 100-моддасида маҳаллий давлат хокимияти органларининг ваколатларини умумий норма сифатида белгилаш билан чегараланган. Яъни, амалдаги норма қайси бир ваколат вакиллик органига қайси бири ҳокимга тегишлилигини аниқ ифода этмайди. Шу сабабли, ушбу таклиф орқали эндиликда маҳаллий ҳокимият органлари ваколатлари барча соҳаларда аниқ ва батафсил белгиланмоқда.
Бу орқали айниқса, маҳаллий халқ депутатлари кенгашларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки кучайтирилмоқда, аҳоли манфаатларини амалда таъминлаш имкониятлари оширилмоқда. Мазкур янгилик маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти аниқ мақсадларга қаратилишига хизмат қилади. Халқона айтсак, эндиликда кенгаш ҳам ҳоким ҳам аравасини ўзи тортадиган бўлади.
Учинчидан, ҳоким ўзи ҳисобот берадиган органга раҳбарлик қилиши мантиқсизлик эди. Бу эса, ўз ўрнида, депутатларнинг норма ижодкорлиги, халқ вакиллиги, депутат назоратини амалга оширишда кучли ташқи босимга учрашига олиб келарди. Шу сабабли вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида тегишли халқ депутатлари кенгашининг раиси лавозимини эгаллаш мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма алоҳида белгиланмоқда. Мазкур норма ҳокимнинг депутатларга босим ўтказиш амалиётига барҳам беради. Яъни, депутатлар том маънода халқ вакиллигини амалга оширишга ҳуқуқий макон яратилади.