Дилерлик тизими орқали ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасидаги молиявий муносабатлар тартибга солинади, шунингдек, бу муносабатлар қонун устуворлиги, шаффофлик ва жавобгарликка асосланиши керак. Бундай тизимнинг самарали ишлаши, ўз навбатида, коррупцияга қарши курашишда ҳам муҳим роль ўйнайди, чунки коррупцияга қарши кураш жамиятнинг адолатли ва шаффоф тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.
Бу борада, Наманган шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Дўстлик автотеххизмат” МЧЖ раҳбари томонидан содир этилган жиноятлар, айнан шу коррупцияга қарши кураш масаласига алоқадор жиддий муаммолардан бири ҳисобланади.
Ушбу иш орқали мансабдор шахслар томонидан ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш, молиявий маблағларни талон-торож қилиш каби жиноятлар натижасида юзага келган ҳолатлар яна бир бор фош бўлди. Бу ҳолатлар эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш зарурлигини яна бир бор кўрсатиб берди.
Таъкидлаш жоизки, 2022 йил 25 ноябрда Жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судида жиноий иш бўйича чиқарилган ҳукм, нафақат жиноят ва жазо сиёсатига, балки адолат тамойилларига ҳам содиқлигини намоён этди.
Суд жараёнида ўрганилган маълумотларга кўра, “Дўстлик автотеххизмат” МЧЖ раҳбари, ўзининг ваколатларидан фойдаланган ҳолда, молиявий қонунбузарликларни содир этган. 2020 йилда “УзАуто Моторс” АЖ акцияси доирасида автомобилларни фуқароларга сотиб, тўловларнинг катта қисмини ўз манфаатлари йўлида ишлатган. Гаровдаги автомобилларни сотиш учун ҳужжатларни қалбакилаштириб, уларнинг қонуний ҳужжатларини тақиқдан чиқарган. Шунингдек, у банкдан олинган 14,6 миллиард сўм кредит маблағларини ҳам мақсадли сарфламасдан, шахсий эҳтиёжлар учун ишлатиб юборган. Натижада, 16 миллиард сўмдан ортиқ молиявий зарар келтирилган.
Суд, жамият раҳбарига Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 228-моддаси 2-қисми «а» бандига асосан, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 105 бараварига тенг жарима тайинлади. Шунингдек, зарарларни қоплашни таъминлаш учун тўланган маблағлар тегишли ташкилотларга йўналтирди.
Жамоатчиликка очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилган суд жараёнида айбланувчи қилган ҳаракатларидан пушаймон бўлгани ва етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъкидлаб, ўз айбини тан олган бўлсада, қилмишлари учун жавобгарликдан қутулишига сабаб бўлмади.
Мазкур иш коррупцияга қарши курашда нафақат жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, балки ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини кўрсатади. Шу сабабли, ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахс қонун олдида масъулиятли бўлиши, шаффофлик ва адолат тамойилларига риоя қилиши лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашда жамиятнинг барча қатламлари биргаликда ҳаракат қилиши зарур.
Бу каби ишлар адолатнинг ғалаба қилиши ва келажакда бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Фарходжон Тўраев,
“Ўзавтосаноат” АЖ бошқарув раиси ўринбосари