Албатта, эртанги буюк келажакни, фаровон ҳаётни барпо этишда, энг аввало ёшларимизни ватанпарварлик, она юртга садоқат руҳида тарбиялаш устувор аҳамиятга эгадир. Шу боис, юртимиздаги барча давлат идоралари, давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ёшларимизни онг, тафаккурини янада юксалтириш йўлида бир қанча тарғибот–ташвиқот ишлари олиб бориляпти.
Айниқса, ёшларимизни турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш, бугунги давр вабоси бўлиб кириб келган психотроп моддаларни истеъмол қилишдан ва унинг таъсирига тушиб қолишдан сақлаш ҳар биримизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиз бўлиши даркор. Юртимизнинг қайси гўшасига бормайлик, ёшларни садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги тадбирларга кўзингиз тушади.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги Аджу университетида давлат идоралари масъуллари ҳамда ёшлар иштирокида ўтказилган «Диний экстремизм ва терроризм тараққиёт кушандаси» деб номланган тадбир ҳам ёшлар ҳаётидаги унутилмас воқеага айланди. Тадбирда сўзга чиққан, Яшнобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи О.Қосимхўжаевнинг таъкидлашича, ёшларимизни бундай зарарли одатлардан сақлашда нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки шу юртнинг барча фуқаролари ўз ҳиссасини қўшиши керак.
— Яшнобод туманида жорий йилнинг ўтган даврида 24 та маъмурий ҳолат аниқланиб, 31 нафар шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилганлиги барчамизни бугунги замоннинг оғуси бўлмиш психотроп моддаларни ёшларимиз томонидан истеъмол қилиниб келинаётганидан далолат беради, — дейди О.Қосимхўжаев.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Яшнобод тумани прокурори ўринбосари Х. Раҳматуллаев психотроп моддалар ёшларимизни нафақат заҳарлаши, шу билан биргаликда бир қанча жиноятлар сабабчиси бўлиб қолишига олиб келаётганлигини афсус билан таъкидлаб ўтди. Тадбир сўнгида иштирокчиларга видеороликлар намойиш этилиб, Яшнобод тумани ИИО ФМБ ТEҚКБ тезкор вакили майор Г.Рузиеванинг терроризм жиноятининг салбий оқибатлари мавзусидаги маърузаси ўқиб эшиттирилди.
Тошкент шаҳридаги Аджу Университет матбуот хизмати.