Эзгулик ғоялари yстyвop бўлган динлар бағрикенглик, тинчлик, инсонсеварлик ва дўстлик каби фазилатларни тарғиб қилган. Дин номи остида фаолият кўрсатган бузғунчи ҳаракатлар, уларнинг таълимоти эса, аксинча, жамиятда беқарорликни келтириб чиқарган. Афсуски, ўзга дин вакилларининг диний ҳис-туйғулари ва қадриятларига беписандлик, сабрсизлик бугунги замонавий дунёда ҳам қонли урушлар, давлатлар ва миллатларнинг бўлиниб кетишига сабаб бўлмоқда.

Глобаллашув кучайиб бораётган ҳозирги даврда динлар, айниқса, ислом динидаги бағрикенглик тамойилларини ёритиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бинобарин, “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”да таъкидланганидек: “Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”.

Диний бағрикенглик ғояси – хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ҳамда ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.

Толерантлик тушунчасининг ўзбек  тилида турли хил маънолари бор: чидамлилик, сабр-тоқатлилик, бардошлилик, келишувчанлик, қайишқоқлик, очиқ кўнгиллик, кенгфеъллик. Толерантлик – “бирлик – хилма-хилликда” принципининг кенг миқёсда амалга ошишини англатади.

Афсуски, ўзаро бир-бирини тушунмаслик, билимсизлик ва жаҳолат инсоният ҳаётида ўзаро шубҳаланиш ва ишончсизликнинг туғилишига сабаб бўлган, бунинг оқибатида эса турли низолар ва қонли келишмовчиликлар келиб чиққан. Абу Райҳон Беруний “Одамлар билмаган нарсаларига душманлик кўзи билан қарайдилар” деганида нақадар ҳақ эди. Билимлар қанчалик объектив ва чуқур бўлса, улар замирида юзага келадиган қадриятлар, баҳолар, дунёқараш ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

Ўзбек халқи маънавий меросида бағрикенглик маданиятини шакллантиришга қаратилган қадриятлар чуқур илдизга эга. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини қарор топгунига қадар ҳам зардуштийлик, яҳудийлик, буддавийлик, монийлик, маздакийлик, христианлик ва бошқа динлар мавжуд бўлган. Ўлканинг ҳинд ва форс диёрларига туташ худудларида Будда таълимотини қабул қилганлар сони кўпчиликни ташкил этса, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Фарғона худудларида ахоли асосан зардуштийлик динига эътиқод қилган. Исломгача бўлган даврда буддавийлик Марказий Осиёда ғоявий турмушнинг муҳим таркибий қисмларидан бирини ташкил этган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бизнинг ўлкамизда динлараро муносабатларда бирорта низо чиққанлиги тарихий манбаларда қайд этилмаган. Ана шу анъаналарни ўзида мужассам қилган Ўзбекистон маданияти, ўз навбатида, нафақат ислом маданиятининг кейинги ривожига, балки инсоният маънавиятида бағрикенглик фазилатининг ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.

IX асрдан бошлаб ҳозирги ватанимиз ҳудудида ислом дини сунний йўналишининг бошқа динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан бағрикенглиги билан ажралиб турган ҳанафия мазҳаби қарор топди. Ҳанафия бошқа шариат мактабларига қараганда христиан ва яҳудийларга нисбатан мўътадиллик нуқтаи назарида турган, Имом Аъзам мазҳаби бошқа динларга нисбатан ҳам сабр-тоқатлилиги билан ном қозонган. Шу даврда диёримиздан етишиб чиққан йирик уламолар асарларида тоқатлилик, сабрлилик, диний бағрикенглик ғоялари кенг тарғиб этилган. Жумладан, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал-Мотуридий Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган “Таъвилот аҳли сунна”  асарида “Ҳаж” сураси 40-оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”,­­­ – дея таъкидланганди.

Тарихдан маълумки, Амир Темур исломни мутаассибликдан ҳоли, умуминсоний эътиқод, деб тушунган. Унинг комил эътиқоди бошқа динларни рад этиш ҳисобига бўлмаган, ўз салтанатидаги бошқа дин вакилларига ҳам ғамхўрлик кўрсатган. Бу эса Европанинг чуқур эҳтиромини уйғотган. Франция қироли Карл VI Соҳибқиронга эҳтиромини шундай баён этган: “Сиз жаноби олийларига кўпгина насронийларга кўрсатган эҳтиромингиз, ғамхўрлигингиз ва тақдим этган инъомларингиз учун ўз миннатдорлигимизни изҳор этгаймиз. Биз ҳам Сизнинг одамларингиз фойдасига, имкон бўлса, уларга мувофиқ ёки ортиқроқ муносабатда бўлишга тайёрмиз”.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида жами 2276 та диний ташкилот фаолият юритмоқда. 2093 та мусулмон ташкилоти, 166 та христиан ташкилоти, 8 та яҳудий жамоаси, 6 та Баҳоийлик жамияти, 1 та Кришнани анлаш жамияти ва 1 та Будда ибодатхонаси ҳамда 1 та Библия жамиятининг эмин-эркин ибодат қилиши учун барча шароитлар яратилган.

Мустақиллик йилларида масжидлар қаторида черков, синагога ва ибодат уйлари барпо этилди, таъмирланди. Улар қаторида Тошкент, Самарқанд, Навоийдаги православ ибодатхоналари, Тошкент шаҳридаги католик черкови, Самарқанддаги Арман-аростол черкови, Тошкентдаги Будда ибодатхонасини қайд этиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида  сўзлаган нутқида сессия иштирокчиларига Бош Ассамблеянинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди. Бу муҳим ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг ҳар томонлама таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборатдир.

Юртбошимиз ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилиши даркорлигини таъкидлади.  

Ҳозирги вақтда дунёнинг узоқ-яқин турли ҳудудларида ташвишли воқеалар тобора кескинлашиб бораётган бир вазиятда юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш, диний бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини кенг ёйиш, адоват ва муросасизликка олиб борувчи ҳар қандай йўлнинг пайини қирқиш муҳимдир, шунинг учун, ҳар биримиз барқарорлик, тинчлик қанчалик улуғ неъмат эканлигини чуқур англаб етмоғимиз лозим.

 

Дилнавоз ТОЖИБОЕВА

ТДЮУ доценти