Маълумотларга кўра, табиий офат натижасида 2 075 та турар жой, 1 817 та ҳовли ва 173 та йўл участкалари сув остида қолган. Ҳозирда вақтинча жойлаштириш пунктларида 731 нафар аҳоли, жумладан 241 нафар бола жойлаштирилган.

Энг оғир вазият Дербент туманида кузатилмоқда. Бу ерда сув сатҳининг кўтарилиши натижасида гидротехник иншоотда ёрилиш юз берган ва бир қатор аҳоли пунктларида қисман эвакуация ўтказилган. Жами 4 мингдан ортиқ киши хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Махачқала шаҳрида ҳам вазият мураккаб. Перова кўчасида ер ювилиши сабаб кўп қаватли уйга қўшимча қурилган бинолардан бири қулаган. 500 нафар аҳоли, шу жумладан 150 нафар бола эвакуация қилинган. Шунингдек, айрим маҳаллаларда уйлар ва транспорт воситалари сув остида қолган.

Қайд этилишича, табиий офат оқибатида 132 та аҳоли пункти электр таъминотисиз қолган, 70 мингдан ортиқ аҳоли нурсиз қолмоқда. Айрим ҳудудларда транспорт қатнови ҳам узилган.

Қутқарув ишларига 3 мингдан ортиқ мутахассис ва юзлаб техника жалб этилган. Фавқулодда хизматлар аҳолини хавфли ҳудудлардан эвакуация қилиш, вайроналарни бартараф этиш ва инфратузилмани тиклаш ишларини давом эттирмоқда.

Синоптиклар маълумотига кўра, ҳудудда ёмғирлар ҳали давом этиши кутилмоқда. Шу боис сел, кўчки ва тошқин хавфи сақланиб қолмоқда.