Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6165 сонли фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги 100 сонли қарори ижроси доирасида Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов топшириғи билан Россия Федерациясининг Доғистон Республикасида “Имомлар юртига саёҳат” йўналишидаги тарғибот ишлари бошланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси вакилларидан иборат делегация мамлакатимизнинг РФдаги элчихонаси ҳамда Ростов-Дондаги Бош консуллиги кўмагида Доғистон Республикасининг Махачкала шаҳрига ташриф буюрди.
Дастлаб Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Доғистон Республикасининг миллий сиёсат ва дин ишлари бўйича вазири Энрик Муслимов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Энрик Муслимов Ўзбекистон делегацияси ташрифидан хурсанд эканини маълум қилиб, мамлакатимизнинг зиёрат туризм салоҳиятини юксак эътироф этди. Шу билан бирга, вазир Ўзбекистон-Доғистон ўртасидаги алоқалар юксак даражада ривожланиши тарафдори эканини қайд этди.
Учрашувда шунингдек Доғистон Республикаси муфтийсининг биринчи ўринбосари Аҳмад Хожи Кахаев ҳам иштирок этиб, Баҳоуддин Нақшбандий, Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий каби дунёга машҳур алломаларимизнинг ислом оламидаги муҳим ўрнини эътироф этди. Аҳмад Ҳожи Каххаев ушбу ташриф учрашувлари ортидан томонлар ўртасида зиёрат туризми ривожланишидан жуда мамнун эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, делегация ташрифи доирасида муфтиатда Доғистон Республикаси муфтийси, Мусулмонлар марказий маънавий бошқаруви раиси Шайх Аҳмад хожи Абдуллаев билан учрашув бўлиб ўтди. Муфтий зиёрат туризмини ривожлантириш орқали икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний билимлар бўйича таълим туризмини ҳам ривожлантириш айни муддао эканини таъкидлади.
Доғистон томон делегациямиз таркибидан ўрин олган ўзбекистонлик таниқли ҳаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳни доғистонлик педагоглар учун малака ошириш курслари, талабалар учун эса ҳаттотлик бўйича маҳорат дарсларини ўтишга таклиф қилди.
Шундан сўнг Махачкала шаҳридаги Тарихий паркда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳияти тақдимоти ҳамда ҳаттотлик бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Тадбирни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси Ўткир Саидов очиб берди, шундан сўнг Қўмита ҳузуридаги Миллий PR маркази раҳбари Жамшид Бабаджанов томонидан - тақдимот, таниқли ҳаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан маҳорат дарси ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, тақдимот ва маҳорат дарси йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон ва Доғистон туроператорлари ўртасида ўтказилган B2B форматидаги учрашувлар ҳам доғистонликларнинг юртимизга бўлган қизиқишини тасдиқлади. Ушбу учрашувларга Доғистон томондан 30 га яқин туроператор ташриф буюриб, ўзбекистонлик туроператорлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлади.
Кун сўнгида Ўзбекистон ошпазлар уюшмасининг моҳир ошпазлари томонидан миллий таомимиз бўлмиш палов тайёрланиб, доғистонликларга тортиқ этилди. Доғистонликлар палов таъмини юқори баҳолашди.
Ташриф доирасидаги барча тадбирлар Доғистоннинг маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритилди.
Умид қиламизки, тизимли равишда ташкил этилаётган бу каби тадбирлар Ўзбекистон-Доғистон алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга чиқиб, келгусида мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқими ошишига янада кучли туртки беради.