Бугун рўй бераётган воқеаларга бир назар ташлаймиз. Юртимизда камбағал, ночор, эҳтиёжмандларнинг оғири енгил бўляпти. Беморлар ҳолидан хабар олиниб, ғамхўрлик кўрсатиляпти. Адашиб, хорижий юртларга бориб қолган ва зулм тиғида азобланган аёллар, болалар ўз ватанига кайтариляпти. Фуқаролиги бўлмаган кўплаб ватандошларимизга фуқаролик нима эканини тушунмоқда: уларга мана шундай бахт бериляпти.

Кеча пахтага эгилган миллат зиёлиларининг бугун қадди кўтарилди. Ҳамма ўз касби, ўз иши билан машғул. Қаёққа қараманг, янгиланиш, катта-катта ўзгаришлар... Бу яхшиликларнинг бошида элпарвар бир инсон турибди. Кўзингиз олдида маҳаллаларга тўғри кириб бораётган, халқ дардига қулоқ тутиб, малҳам бўлаётган, оддий одамлар билан қўл бериб кўришаётган, юрт кезиб муаммоларни ўрганаётган, ўз ўрнида ечим топаётган тиним билмас, захматкаш инсон келдими? Ҳа, у бизнинг Президентимиз. Нафақат ўзи, балки барча раҳбар ва мутасаддиларни халқнинг ҳузурига чиқарган, одамларга хизмат қилиш ҳар бир раҳбарнинг бурчи эканини уқтираётган айнан бизнинг  Президентимиз. 

Мен адабиётни яхши кўраман. Шу муҳаббат ўзбек адабиётининг мангу булоқлари – Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброхим Ғофуров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевалар билан боғлади, ўттиз йилдан ортиқ уларнинг қаноати остида бўлдим. Жуда кўп янги асарларнинг биринчи ўқувчисига айландим. Мен учун азиз бўлган бу устоз ижодкорларнинг ижод мактаблари қурилгани, уларда минглаб ёшларнинг таҳсил олаётгани таҳсинга лойиқ эмасми?

Одатда, ҳақиқий мард инсон яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам дарддош, елкадош бўлади. Яратганнинг синовлари қаторлашиб келди. Бухородаги табиий офат, Сардобадаги сув тошқини... Биз Сардоба воқеаларининг ичида бўлдик. Президентимизнинг воқеа жойига дарҳол етиб келгани, метин ирода билан элнинг кўнглини кўтаргани катта далда бўлди. Бу синов халқни бирлаштирди, бир-бирига меҳрини оширди. Давлат томонидан жуда тезкор чоралар кўрилди.

Бугун Сардобаликлар йўқотганларидан ҳам зиёдасига эришди. Эски қишлоқлар ўрнида қисқа вакт ичида гўзал, замонавий шаҳар қад кўтарди. Карвоннинг гўзал манзилларга етишида сарбоннинг тажрибаси, зукколиги муҳимдир.

Менинг онам 100 ёшдан ошиб дунёдан ўтди. Ҳали-ҳамон кўзим олдида: 2016 йилда сайлов жараёнлари кечаётган бир паллада онам телевизор орқали юртдаги янгиликларни кузатар экан, кўйлакларининг узун енгларини ҳилпиратганча дуо қиларди, дуолари байт бўларди:

  Кўтардим билагимни,

 Айтайин тилагимни.

 Шавкатжондир эр жигит,

Полвон , ўктам зўр жигит.

Элу юртга бўлсин бош,

Яхшилар бўлинг йўлдош.

Муроди бўлсин ҳосил,

Қодир эгам назар қил.

Фариштасифат онамнинг овозлари қулоғимга кўрғошиндай қуйилган.  Бугун бизнинг Президентимиз бундай оналарнинг, улуғларнинг минг-мингларидан дуо оляпти. Инсон қадри, элу ҳалқ манфаати розилиги йўлида ўз оромидан кечган ҳар қандай инсон қадру қимматга, ҳурматга, эъзозга лойиқдир.

Момоларнинг доим қўли дуода,

Сардобада , Бухоро ҳам Қувада.

Бундай меҳр келмас ахир ҳаводан,

Дўстлар, қадрлайлик Юртобшимизни.

Музаффар сафларнинг олдида бориб,

Яшнатайлик юртни – гўзал бўстонни.

Баланд қадрин яна баланд кўтариб –

Бошда тутиб янги Ўзбекистонни.

                 Маматқул БОЗОРБОЕВ,

шифокор,

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.