Барча соҳадаги юксалиш ва тараққиётга илмсиз, маърифатсиз эришиш мушкул. Шу боис мамлакатимизда таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилинмоқда, илм-фан ривожига эътибор ва рағбат кучайди. Бу, албатта, ўз самарасини бермоқда. Буни ёшларимизнинг эришаётган ютуқлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети иқтисодиёт факультети 3-босқич талабаси Достонбек Рустамов Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида онлайн тарзда ўтказилган “МДҲнинг энг яхши талабаси-2020” халқаро танловида “Рақамли иқтисодиёт ва инновацияларни бошқариш” йўналиши бўйича иштирок этди. Ўзбекистонлик талабанинг илмий иши, қўлга киритган ютуқлари ҳакамлар ҳайъатини бефарқ қолдирмади. У якуний натижаларга кўра ғолиб деб топилди ва “МДҲнинг энг яхши талабаси-2020” ёзуви туширилган кўкрак нишони ва диплом билан тақдирланди.
Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади — МДҲ давлатлари олий таълим муассасалари талабаларини қўллаб-қувватлаш, илм-фан, техника ривожланишига ҳисса қўшаётган ёшларни аниқлаш ва рағбатлантиришдан иборат.
— Ушбу танловга икки йил тайёргарлик кўрдим, — дейди Достонбек Рустамов. — Пандемия сабабли беллашув онлайн тарзда ташкил этилди. Уч босқичда ўтказилган танловда 14 мамлакатдан 274 нафар иқтидорли талаба иштирок этди. Мен рақамли иқтисодиёт ва инновацияларни бошқариш йўналиши бўйича қатнашдим. Асосий рақибларим Украина ва қирғизистонлик тенгдошларим бўлди.
ZOOM орқали инглиз тилида ташкил этилган учрашув аввалида илмий ишлари ва эришган ютуқлари орқали саралаб олинган иштирокчилар иккинчи босқичга тавсия этилди. Унда мутахассислик ва мантиқ фанидан тест бўлиб ўтди.
Достонбек Рустамов бугунги кунда Блокчаин технологияларини жорий этишга доир катта лойиҳа устида иш олиб боряпти. Ягона глобал рақамли иқтисодиёт тизимига уланган ҳар қандай ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимот ва қайта тақсимот шаффоф ҳолда кўринади. Ҳудудлар ва вазирликлардан олинган ҳисоботлар “Блокчаин” маълумотлари билан солиштирилганда, қайси тизим ва ҳудудда банкдан ташқари айланмалар борлиги аниқ кўрсатиб берилади. Достонбекнинг мазкур изланиши танлов ҳайъати аъзолари эътиборини қозонди.
— Жорий йилда “Инсон капиталини рақамли иқтисодиёт асосида ривожлантириш йўналишлари” номли китобим чоп этилди, — дейди Достонбек Рустамов. — Китобда рақамли иқтисодиёт нима, унга қандай ўтилади, бу борадаги хориж тажрибаси, рақамли иқтисодиётнинг салбий ва ижобий томонлари каби масалалар ёритилган. Китоб инглиз ва ўзбек тилларида чоп этилди. Бугунги кунда у Amazon сайти орқали сотилмоқда. Унинг сотилаётганини кўриб, ич-ичимдан ҳам қувонаман, ҳам фахрланаман. Бу мени янада катта лойиҳалар устида ишлашга ундаяпти.
Навоий номидаги стипендия соҳиби Достонбек Рустамов кўплаб халқаро танлов ва лойиҳалар совриндори. У “Йил талабаси-2019” танловининг “YEFIT” номинацияси ғолиби бўлган бўлса, жорий йилда ана шу танловнинг “YO‘MBBT” номинациясида олий ўринга муносиб кўрилди.
Достонбек айни пайтда ўқиш билан бирга жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этаяпти. Масалан, у 2019-2020 ўқув йилида Иқтисодиёт факультети ҳузурида ташкил этилган “Students Co-working Centre” (Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшлар учун илгари сурилган беш ташаббус асосида талабалар билан фаолият юритиш) маркази раҳбари, факультет Ёшлар иттифоқи раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.