Тошкент давлат шарқшунослик университетнинг “Шарқ мамлакатлари тарихи ва антропологияси” кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди Комил Азимовнинг “Ближний Восток: конфликты за землю, за воду, за веру ХХ век” номли монографиси 2020 йилда Германиянинг “Ламберт” академик нашриёт уйида чоп этилган эди. Монографияга МДҲ мамлакатлари шарқшунослари томонидан юқори баҳо берилган.
2021 йил Европадаги бир қатор нашриёт уйларининг таклифи билан монография инглиз, немис, француз, испан, италян, португал ҳамда поляк тилларига бир вақтнинг ўзида таржима қилиниб, Европа, Лотин Америкаси ва АҚШ тарихчи шарқшунос ва сиёсатшуносларига тақдим қилинди. Буни ўзбек шарқшунослигининг дунё миқёсида навбатдаги эътирофи сифатида баҳолаш мумкин.
Тадқиқотда муаллиф ўзининг узоқ йиллик кузатишларига асосланиб йигирманчи асрда шаклланган минтақавий зиддиятларни замонавий халқаро муносабатларнинг муҳим таркибий қисмларидан бири сифатида таҳлил қилади. Муаллиф Яқин Шарқдаги зиддиятли вазиятлар объекти сифатида Сурия, Ливия, Фаластин, Туркия ва Ироқ каби давлатлардан ўтадиган трансчегаравий дарёлар билан боғлиқ бартараф қилинмаган масалалар, сув ресурслари билан боғлиқ муаммоли вазиятлар, шунингдек, диний мазмундаги қарама-қаршиликларни тадқиқ қилиб, уларнинг моҳияти, шаклланиш эволюцияси, жорий ҳолати ва келажакда вазиятнинг бориши бўйича илмий асосланган таҳлилий фикрларни баён қилган.