Ўзбекистоннинг бугунги кунда дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб, тобора юқори мавқега эга бўлиб бораётгани юртдошларимизда фахр, ифтихор туйғусини ўйғотади. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг конституциявий тамойилларидан тенг ҳуқуларда фойдаланш учун самарали механизм яратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва бугунги кунда элимиз қалбидан чуқур жой олган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”, деган эзгу ғоялар мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларни ҳаракатлантирувчи кучга айланди.
Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак
Бу ғоянинг мазмун-моҳиятини таҳлил этганда, беихтиёр ўтмиш йиллар кўз ўнгимиздан ўтади. Узоқ йиллар давомида манфатлар борасида “халқ” сўзини деярли ишлатмай келганимиз айни ҳақиқат. Энг аввало давлат манфаатини ҳимоя қилишга эътибор қаратилган, халқ манфаати эса кейинги ўринда турган.
Бу эса жамиятда халқ иродасини давлат идоралари томонидан ифода этишда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаришга сабаб бўлиб келди. Йиллар давомида бу ҳолатга давлат томонидан жиддий эътибор қаратилмай ҳам қўйилди. Оқибатда давлат ва халқ муносабатларида улкан бўшлиқ юзага келди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш, бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди” деб, ҳақиқий ҳолатни очиқ-ойдин айтиб ўтдилар. Шунингдек, “...халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмаслигини таъкидлаб, ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилишни таклиф этди.
2016 йил 28 декабрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси фуқаролар билан мутасадди идораларни боғловчи тизимга айланди. Бугунги кунда Халқ қабулхоналари институти халқаро миқёсда қиёси йўқ тузилма сифатида кенг эътироф этилмоқда.
Халқ қабулхоналари фаолиятида халқ ҳаётидан яқиндан хабардор бўлиш, одамларнинг кўп йиллик муаммоларини, талаб ва эҳтиёжларини жойида ўрганиш ҳамда ҳал этишда ижтимоий адолатни таъминлаш бош мезонга айланди.
Айниқса, жойларда Президентнинг Халқ қабулхоналари ташкил этилиши фуқаролар мурожаатларига янгича ёндашув тизимини вужудга келтирди. Бу борада асосий эътибор фуқароларнинг ҳар қандай муаммоларини ҳал этиш давлатимизнинг халққа нисбатан асосий мажбуриятларидан бири эканлиги, раҳбарлар мунтазам равишда халқ орасида бўлиб, шахсий қабуллар ташкил этишлари, жойлардаги муаммолларни ҳал қилишлари зарурлиги белгилаб берилди. Қисқа қилиб айтганда, раҳбарлар фаолиятига халқ томонидан баҳо берилиши, ҳар бир раҳбарнинг халқ розилиги йўлидаги маъсулиятини, дунёқарашини тубдан ўзгартирди.
Бугун Халқ қабулхоналари халқ билан доимий мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида холислик, адолат тамойиллари асосида кўриб чиқилишида, мансабдор шахслар масъулиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Жойларда фуқароларнинг Президентга, Олий Мажлисга, Президент Администрациясига, ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид Конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун кенг шароит ва имкониятлар яратилди.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг яхши яшашга бўлган орзу-умидлари мужассам. Айниқса, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламини ҳар томонлама муҳофазага олиш Халқ қабулхоналарининг асосий диққат эътиборида бўлиб, уларнинг рўйхатлари шакллантирилган ҳолда мавжуд муаммоларини ҳал этиш чоралари кўриб келинмоқда.
Эътироф этиш керакки, илгарилари ногиронлиги бўлган имконияти чекланган шахслар билан ишлаш тизими бўлмаган, тўғрироғи, уларнинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмаган, улар эса тақдирига тан бериб яшайверган. Эндиликда, улар мунтазам давлат эътиборида бўлиб, соғлиги, ижтимоий ҳимояланиши чоралари кўрилмоқда ва бошқа муаммоларига ўз вақтида самарали ечим топиб берилмоқда.
Халқ қабулхоналарига берилаётган мурожаатларнинг моҳиятида ҳам фуқароларнинг бугун яхши яшашга бўлган истаклари, адолат тамойиллари йўлидаги таклиф, талаблари, жамият тараққиётида ўз ўринларини топишга бўлган интилишлари ўз ифодасини топмоқда.
Халқ қабулхоналари фаолиятининг дастлабки даврларида фуқаролар ўзларининг шахсий масалалари билан кўпроқ мурожаат қилишган бўлса, эндиликда улар ҳудудлардаги аҳоли муаммолари, яъни йўлларни таъмирлаш, электр, газ, сув таъминотларини яхшилаш, боғча ва мактаблар қуриш каби ижтимоий масалаларга кўпроқ эътибор қаратаётгани қувонарли ҳолдир. Бинобарин, одамлар яхши яшаш кераклигини, истиқомат қилаётган ҳудудлари обод ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлиши лозимлигини англаб, бу борада ҳам амалий таклифларни илгари суришяпти.
Таҳлилий танқид ва амалий хулосалар
Жорий йилнинг 23 июлида Президентимиз раҳбарлигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги таҳлиллар, билдирилган фикрлар, берилган топшириқлар тизимда янгича ёндашув, янада масъулият билан ишлаш лозимлигини яққол кўрсатиб берди.
Давлатимиз раҳбари томонидан фуқаролар мурожаатларини ҳал этишда охирги пайтларда Халқ қабулхоналари фаолиятида юзаки ёндашув, сансоларликка йўл қўйиш ҳолатлари юз бераётгани танқид қилинди.
Ушбу фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, Тошкент вилоятида фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган 59 821 та мурожаатлар қайта ўрганилиб, уларнинг 39 088 таси, яъни 65,2 фоизи ижобий ҳал этилди.
Жумладан, ичимлик суви бўйича 1092 та, соғлиқни сақлаш йўналишида 1602 та, газ таъминоти борасида 802 та, электр энергияси юзасидан 1489 та, ички йўлларни таъмирлаш масаласидаги 1115 та, аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида 1275 та, банк кредитлари ажратиш юзасидан 1458 та мурожаатга ижобий ечим топилди. Кўрилган амалий чоралар туфайли жорий йилнинг июнь ойида 15 129 та мурожаат келиб тушган бўлса, сентябрь ойига келиб улар сони 4360 тага камайди.
Мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши натижасида ёрдамга муҳтож оилаларга 8 миллиард 22,5 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди, 65 та хонадон таъмирлаб берилди ва бошқа қатор муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Халқ қабулхоналари томонидан фуқароларни узоқ йиллар давомида ҳал бўлмай келаётган ва ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Зангиота тумани “Қаҳрамон” МФЙ, Матонатли 1- кўчаси, 12 - уйда яшовчи Бахтиёр Саиповнинг 2014 йилда бузилган дўкони учун 952 876 132 сўм компенсация пулини тўлаш масаласида турли идораларга қайта-қайта мурожаат қилиб сарсон бўлаётгани, ҳокимият суд қарорини бажармай келаётгани ҳақида 2021 йил февраль ойида Тошкент вилояти Халқ қабулхонасига ёзган аризасидан сўнг компенсация пули тўлиқ ундириб берилиши таъминланди.
Бўстонлиқ тумани “Искандар” МФЙда жойлашган “Ruxe Business” МЧЖга тегишли бўлган ишлаб чиқариш учун ажратилган ер майдони ҳокимлик томонидан асоссиз равишда туман захирасига олингани юзасидан мазкур корхона раҳбари Назира Қодирова олти ой мобайнида мутасадди идораларга мурожаат қилиб келади. Лекин масала ҳал этилмай қолаверади. 2021 йил 6 октябрь куни Тошкент вилояти Халқ қабулхонасига мурожаат қилганидан сўнг судга даво ариза киритилиб, тадбиркорнинг ери ўзига қайтарилди.
Ичимлик суви, электр ва табиий газ таъминоти бўйича Тошкент тумани “Тутзор” МФЙ ҳудудида якка тартибда янги қурилган 146 та хонадон аҳолисининг мурожаати асосида электр, табиий газ ва сув таъминоти ижобий ҳал этилди.
Табиийки, Халқ қабулхоналари фуқароларнинг мурожаатларини кўришда қонубузилишликка йўл қўйган ҳар бир ҳолатга нисбатан ўз муносабатини билдириб бормоқда. Буни жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қўлланилган таъсир чоралар яққол кўрсатиб турибди. Жумладан, қонунларни бузиш ҳолатлари бўйича киритилган тақдимномалар 143 тага, ўз навбатида жазоланган мансабдор шахслар сони 110 тага ошди.
Бугунги кунда Халқ қабулхоналари мурожаатларни кўриб чиқиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишда маҳаллий депутатлар Кенгашлари имкониятидан кенгроқ фойдаланмоқда. Шу йилнинг 9 ойи давомида 71 та ахборот киритилиб, уларнинг муҳокама қилиш жараёнида 131 нафар раҳбарнинг ҳисоботи эшитилди.
Жорий йилда жойларда сайёр қабулларни ўтказишга эътибор янада кучайтирилди. Бевосита мулоқотлар ўтган йилнинг уч чорагига нисбатан 1727 марта кўп ўтказилди. Ўтказилган сайёр қабулларда фуқаролардан жами 12536 та мурожаатлар тушган бўлиб, уларнинг 6504 таси (56,6%) ижобий ҳал қилиб берилди.
Бугунги кун маҳаллада аҳолига хизмат кўрсатишни кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий муаммоларини жойларнинг ўзида ҳал қилиш вазифасини қўймоқда. Шу боис видеоселектор йиғилишида ҳам Президентимиз одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиш кераклигини алоҳида таъкидлаган эди. Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратиши, шунингдек, ҳокимликларда кунлик қабул йўлга қўйилиши белгиланди.
Ҳар бир ҳокимнинг кабинети “халқ қабулхонаси” бўлади. Мурожаатларни кўриб, нималарга эътибор қилиш бўйича ҳар бир раҳбарнинг стратегияси бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари ва аҳоли тўғридан-тўғри туну кун мурожаат қилиши учун ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этиш вазифасини қўйди.
Дарҳақиқат, ҳамма нарса, аввало маҳаллда юз беришини, жумлада озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам маҳаллада етиштирилишини, содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ҳам маҳаллада рўй беришини, қолаверса, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар биринчи галда маҳаллада юзага келишини инобатга олсак, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, маҳалла давлат ичидаги кичик давлат экан, уни ҳар томонлама ривожлантириш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижросини таъминлаш энг оқилона ва самарали йўлдир.
Якуний хулоса – халқнинг розилиги.
Абдуҳалим Холмаматов,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонаси
мудири