Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи доирасида ўтказган бир қатор расмий учрашувлари, уммон орти мамлакатида яшаётган ватандошларимиз ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан мулоқоти, Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқида билдирилган фикрлар, ўртага ташланган таклиф ва ташаббуслар дунё экспертлари, оммавий ахборот воситалари нигоҳида ва муҳокама майдонида бўлиб турибди.

Халқаро экспертлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга бу галги амалий ташрифини учрашувларга ниҳоятда бой ва самарали бўлгани билан тарихий аҳамиятли, деб баҳоламоқда.

Бунга асослар бор. Биринчидан, Ўзбекистон етакчиси ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган 18 та муҳим нуфузли учрашув ўтказди. Иккинчидан, БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида замонавий дунё олдида турган энг долзарб муаммоларни кўтариб, уларнинг ечимларини ҳам кўрсатиб берди. Учинчидан, Марказий давлатларининг ўзаро боғлиқликда ривожланиш принциплари ҳақида ниҳоятда ишончли фикрлар айтиб, қатъий позициясини билдирди.

Буларни назардан қочирмаган “Forbes” журналида давлатимиз раҳбарининг минтақада бизнес, чегара ва савдо очилишини фаоллаштириб, Марказий Осиё мамлакатларини интеграциялаш ҳаракатларида марказий шахсга айлангани алоҳида эътироф этилди. Мақолада Ўзбекистон бугун Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йирик транспорт марказига айланаётгани таъкидлаб ўтилди.

Президентимизнинг БМТ минбарида сўзлаган тарихий нутқида 10 та муҳим талқинни кўришимиз мумкин.

Булар қуйидагиларда акс этади:

– халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётгани ҳақидаги ўткир ва инкор қилиб бўлмас фикрлар;

– бирдамликда ривожланишга даъват;

– инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар;

– Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари талқини;

– ёшлар сиёсати;

– хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши;

– иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар талқини;

– Экстремизм ва терроризмга қарши кураш;

– диний тоқатсизлик ва исломофобия ҳолатларига йўл қўймаслик;

– Афғонистон муаммоси.

Мана шу ўнта муҳим масала бугунги ва эртанги ҳаётимизни тубдан ўзгартириши мумкин бўлган ҳаёт-мамот масаласи сифатида талқин қилинди, уларнинг ҳар бири бўйича ниҳоятда долзарб фикрлар, ечимлар билдирилди.

Президент нутқида мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам гапирди. Жумладан, “Инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш — Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан биридир. Биз ҳамма учун очиқ ва сифатли таълимни камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омили, деб биламиз”, деди давлатимиз раҳбари.

Бу Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик йўналишлардан бири сифатида улуғворлик касб этди. Бунда ўлкамиздаги гендер тенгликка эришиш йўлида қилинаётган ишлар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Жумладан, ўтган йили олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этгани ва давлат бошқарув органларидаги аёлларнинг ўрни 35 фоизга етгани маърузада алоҳида таъкидланиши муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Таълим-тарбия ҳақида сўз кетганда, айтиш зарурки, ҳар бир мамлакатнинг минтақадаги, керак бўлса, дунё миқёсидаги нуфузига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири таълим ва унинг сифатидир. Янги Ўзбекистон нуфузини халқаро майдонда юқори илмий салоҳият билан намоён этиш, дунёнинг энг ривожланган давлатлари билан рақобатлаша оладиган кадрлар етиштириш йўлида сўнгги 6 йил давомида мамлакатда катта қадамлар ташланди, айниқса, олий таълим тизими янгитдан ислоҳ этилди. Олий таълим муассасалари юртимиз келажаги салоҳиятли, илм-фан, маданият, техника янгиликларини ўз фаолияти давомида қўллай оладиган, назарий ва амалий муаммоларни бартараф этишга қодир кадрлар етказиб берувчи масканга айланди.

Бугун мамлакатимизда ҳар бир олийгоҳ учун жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий қилиш, ёш ўқитувчи ва илмий ходимлар малакасини ошириши учун уларни хорижий муассасаларга юбориш имконияти оширилди. Халқаро даражада амалиётга татбиқ этилаётган янгидан-янги лойиҳалар, келишувлар ёшларнинг жаҳон андозаларига мос билим ва салоҳиятга эга бўлиши, заковатли ёшлар сифатида камол топиши, уларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши учун хизмат қилмокда.

АҚШга амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Президентининг бу мамлакатда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошларимиз ҳамда етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашуви ёшларимиз қаерда бўлмасин давлат раҳбарининг ғамхўрлиги ва эътиборида эканлигини яққол ифода этди.

Учрашувда давлатимиз раҳбарининг “Бугун шу ердаги ҳар бир ўзбекистонликда кучли Ватан ҳисси ва унинг ривожига ҳисса қўшиш иштиёқини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Сизларни Ўзбекистонда кутиб қоламиз” деган сўзлари ҳар бир ватандошимиз қалбига чуқур муҳрланди. Беш соатга яқин давом этган очиқ мулоқот ёшларимиз қалбида эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлади. Ўзбекистон раҳбари билан кўтаринки руҳда ўтган суҳбат уларнинг ҳаётида янги саҳифалар очгани шубҳасиз.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.