Бу омилларнинг узлуксиз мавжуд бўлиши эса, ҳеч шубҳасиз, дунёвий таълим, унинг сифат ва самарасига бориб тақалади. Шу боис ҳам жаҳоннинг барча етакчи давлатларида дунёвий таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида кўрилади. Негаки, мамлакат келажаги айнан шу соҳада қўлга киритиладиган ютуқлар билан белгиланади.

Бу азалий ҳақиқатни миллий жадидларимиз етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан бир юз ўн бир йил илгари (1913 йилда) ёзган “Эҳтиёжи миллат” мақоласидаёқ таъкидлаган эди: “Бошқа миллатларга қаралса кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур”.

Бу масалада муфтий Беҳбудий ҳазратлари ёлғиз эмас эдилар, албатта. Чунончи, халқимизнинг бўлғуси биринчи профессори Абдурауф Фитрат 1914 йилда юксак ихлос ила битган йирик “Раҳбари нажот” – “Нажот йўли” китобида дунёвий илмлар изоҳига алоҳида катта ўрин ажратади. Уларнинг ҳар бирига махсус боб бағишлайди: “Тарих илми”, “Жўғрофия”, “Табобат илми”, “Кимё илми”, “Табиат илми”, “Илми наботот”, “Махлуқот илми”, “Маъданлар илми”, “Риёзий илмлар: 1) Ҳисоб, 2) Жабр, 3) Ҳандаса, 4) Ҳайъат”, “Фалсафий илмлар: 1) Руҳ илми, 2) Ахлоқ илми, 3) Илоҳиёт, 4) Мантиқ” ва б.   

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Туркистон тарихи керак” мақоласида: “Тарих кўп аҳамиятли ва фойдали бир нарсадур. Тарихнинг фойдаларидан баъзиси ушбудурки, бир миллатнинг на тариқада, қайси йўл ила тараққий этганин ўқиб, ибрат олмоқ ёки бир миллатнинг на сабаблардан таназзул этиб, охири мунқариз бўлуб кетганин ўқуб мундан ҳам истифода этмак мумкиндир”.

Дарҳақиқат, тарих – доно мураббий!

Шундай экан, келинг, биз ҳам дунёвий таълимнинг аҳамиятини, мамлакат тараққиётига таъсирини ватанимиз тарихининг икки босқичини ўзаро таққослаш орқали англашга ҳаракат қиламиз.

Соҳибқирон  Амир Темур  ва  темурийлар  яшаган  XIV-XV асрлар  ғарбдаги  шарқшунос  олимлар томонидан  бежизга  иккинчи  Ренессанс (Уйғониш)  даври, деб  юритилмайди. Сабаби – айнан  шу  даврдан  бошлаб Хуросон ва Моварауннаҳр  деб  аталмиш  бизнинг диёримизда   улкан   қурилиш, ободончилик, бунёдкорлик ишлари олиб борилди, илм-маърифат, маданият марказлари юзага  келди, олим, шоир ва адиблар, мутаффаккирлар сафи сезиларли кенгайди.

Амир Темур салтанатида  замонасининг  таниқли  алломалари, дунёвий фанларнинг муҳим тармоқларида илмий тадқиқотлар олиб  борган  юздан ортиқ олимлар  фаолият  юритган.

Темурбек даврига келиб, Самарқанд олимлар масканига айланиши  баробарида мадрасаларнинг функциялари ҳам кенгайиб, улар юқори даражадаги илм-фан марказларига айлана борди. Мадраса талабалари нафақат диний характердаги китобларни ўқиб-ўрганишлари, балки араб тили синтаксиси, мантиқни билишлари, ҳадис ва Қуръон шарҳларини чуқур тушунишлари керак эди. Дунёвий фанларга келсак, улар орасида математика фанлари, фалсафа ва ҳуқуқшуносликнинг мавжудлиги мажбурий бўлган. Мадрасаларда география, осмонлар илми, санойи нафиса – нафис сўз санъати, арифметика, геометрия каби математик фанлар ҳамда кимё ва классик физика сингари табиий фанлар ҳам ўқитилган. Бу ҳол мударрисларнинг тарихчилар ўрганган таржимаи ҳолларида ҳам кўрсатилган. Бундан ташқари, мадрасаларда давлат хизматчилари ва иқтидорли ёш олимлар ҳам тайёрланган.

Англиялик тадқиқотчи Хильда Хукхем Амир Темур ва темурийлар  даврида илм-фан ва маданият, таълим соҳасида олиб борилган ишлар юксак даражада бўлганини  сидқидилдан  тан  олади: “Темур дунёга келган юртда,  – деб ёзади олима, – фалсафа, тиббиёт, математика, астрономия, география, тарих, адабиёт соҳаларига  оид  оламшумул  асарлар яратилди.  Бу  асарлар  кейинчалик Европа Уйғониш даврига туртки бўлди ва  Европа  фанининг  узоқ  асрлар давомидаги  тараққиётига  асос  бўлиб хизмат  қилди”.

Бу борада Фитрат домла ҳам ибратли фикр айтганлар: “Афлотунлар чоғинда Афина, Румо салтанатида Румо, аббосийлар хулофотинда Бағдод қанча тараққий қилған бўлса, Темур ва Улуғбеклар замонида Самарқанд шунча тараққий қилган эди”. (Қаранг: Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. Беш жилдлик. Учинчи жилд. – Т.: “Маънавият”, 2020. 16-бет.)

Энди тарихимизнинг “энг кир ва қора кунлари бўлмиш” (Абдулла Қодирий ибораси) хонликлар даврига назар солайлик.

Аслида, XVII-XIX асрлар жаҳон тарихига моддий ва маданий юксалиш даври бўлиб киргани маълум. Хусусан, бу асрларда Европадаги қатор мамлакатларда моддий ишлаб чиқариш сезиларли даражада ўсди, завод-фабрикалар қурилиб, янги техник ускуналар  билан жиҳозланди, темир йўллар қурилди, қитъалараро денгиз йўллари очилди, меҳнат унумдорлиги кескин ошди, одамларнинг моддий ва маданий турмуш даражаси кўтарилди. Афсуски, бизнинг юрт хонликлари ана шундай ижобий жараёнлардан жуда четда қолди, асрий қолоқликка юз тутди.

Ўзбек хонликлари ҳаётидаги қолоқликнинг илдизи, асосий сабабларидан бири эса – дунёвий фанларнинг ўқитилмагани, илм-фаннинг ривожланмаганидир. Шунга кўра, аҳолининг турмуш даражаси ўта паст бўлиб, иқтисодиётда истеъмол учун зарур бўлган тор доирадаги оддий буюмлар ва маҳсулотларгина ишлаб чиқариларди. Ерга ишлов бериш бир жуфт ҳўкиз, сўқа-омоч даражасида қолиб кетган, ирригация иншоотларига аҳамият берилмаганидан суғориладиган ер майдонлари қисқариб борган. Зеро, маҳсулот ишлаб чиқариш учун ҳам, ирригация иншоотларини қуриш учун ҳам, конлардаги табиий бойликларни қазиб олиб фойдаланиш учун ҳам (ўлкада табиий бойликлар тўла конлар жуда кўп эди!) илм керак бўларди. Бу эса ватанимизнинг қолоқликка юз тутиши ва, охир-оқибат, Чор Россиясига қарам бўлишига олиб келган.

Шунингдек, босқинчиларнинг аждодларимизга бу йўналишда ўтказган сиёсатларини ҳам ёшларга эслатиб туришимиз керак. Токи, улар илмсизликнинг бадали қандай оқибатларга олиб келишини, бундай хатонинг такрорланиши биз учун жуда қимматга тушишини чуқур англашсин!

Бу ўринда, беихтиёр ёдимизга Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов томонидан “сўнгги жадид” дея эъзозланган, жадидчилик ҳаракатининг йирик тадқиқотчиси, профессор Бегали Қосимовнинг 1994 йилда билдирган қуйидаги мулоҳазалари келади: “Табиий бойлик миллат ва мамлакатнинг бахти, омади, деймиз. Лекин ундан фойдаланилган, оқилона фойдаланилган тақдирдагина наф келтиради. Аксинча, уқувсизлик, лоқайдлик оқибатида бахт эмас, бахтсизликка айланиши мумкин. Бизда шундай бўлмадими? Газлидаги газлар аёвсиз ва ўйловсиз сўриб олиниб, иш зилзилагача борди. Ҳосилдор ерларимиз бефарқ, жоҳилона экилавериб ишдан чиқди. Жаннатдай табиат заҳар-заққумга тўлди. Орол минтақанинг эмас, куррамизнинг фожиасига айланди...”

Бу ҳол анча илгари бошлангани, сабаби эса айнан дунёвий илмсизлик, ўлкадаги иқтисодий ҳаёт ибтидоий ҳолда қолиб кетгани билан боғлиқ эканини Беҳбудий ҳазратлари ҳам чуқур англаган, миллатдошларига англатишга ҳаракат қилган эди: Туркистон меваси, донаси, тоши, туфроғи, эски нимарсалари Оврупо бозорига кетар. Муни Оврупо даллоллари келиб оз баҳога олиб кетар, меҳнатни биз қилурмиз, фойдани улар кўрар...”  

Дунёвий таълимнинг сифат ва самарадорлиги халқлар, мамлакатлар тараққийси билан тўғри пропорционал боғлиғликка эга эканини қуйидаги фактлар яққол кўрсатади. Бугунги дунёнинг ривожланган, ЯИМ энг юқори давлатлари рўйхати қуйидагичадир: АҚШ, Хитой, Япония, Германия, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция, Канада...

Энди таълим сифати жиҳатидан 2024 йилнинг ТОП 10 мамлакатларини  кўрамиз: 1-ўрин – АҚШ, 2-ўрин – Буюк Британия, 3-ўрин – Германия, 4-ўрин – Канада, 5-ўрин – Франция, 6-ўрин – Швейцария, 7-ўрин – Швеция, 8-ўрин –Япония...

Гувоҳи бўлаётганимиздек, давлатнинг ривожи, даромадлари салмоғи, халқининг турмуш даражаси ва унинг сифати дунёвий таълим билан узвий боғлиқлигини англаш учун шу икки рўйхатга кўз ташлаш кифоядир.

Аллақачон исботини топган яна бир ҳақиқат шуки, тараққиётнинг дунёвийлик тамойили ижтимоий-иқтисодий такомил эҳтиёжларига ҳамоҳанг бўлиб, замонларнинг бир-бирига ўхшамас турфа жараёнларини ҳаракатлантирувчи куч, тафаккур генараторидир. Унинг ўзи ҳам инсоният илмий салоҳиятининг мунтазам ортиб бориши, технологик тараққиётнинг давомийлиги, иқтисодий ҳамда маданий даражанинг юксалиб бориши каби муҳим жараёнлар билан уйғун тарзда такомиллашиб боради.

Дунёвий таълимнинг ижобий таъсири даромадларнинг жиддий ўсиши билан бирга, аҳоли саломатлиги, туғилиш хавфсизлиги, жиноятчиликни камайтириш, фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги иштироки даражаси ва ходимларнинг маҳсулдорлигига ҳам жуда катта таъсир кўрсатади. Бу таълим одамларга билим ва маълумот, шунингдек, ўзини ўзи ҳурмат қилиш ва ўзига ишонч ҳиссини тарбиялашга ёрдам беради, уларнинг қобилиятларини рўёбга чиқаришда муҳим туртки бўлади.

Шу туфайли ҳам ўзи мансуб Туркистон аҳли аҳвол-руҳиясидаги диний ва дунёвий жаҳолат, илғор халқлардан кескин ортда қолиш, жамият маданияти ва маорифидаги қолоқликлардан озурда бўлган Саид Аҳрорий “Фикр тарбияси” мақоласида юртдошларини шундай огоҳлантирганди:

“Тараққий этганлардан жуда кетда қолиб ётмоқ ёмондир, ўлим билан тенгдир. Буни ҳамма вақт эсда тутмоқ керак... Бир элнинг тараққийси, маданийлашмаги, бахтиёрлиги у элни ташкил этган шахсларнинг билимли, кучли, ғайратли ва ишсевар бўлишига боғлиқдир. Бу ҳақиқат ҳар ёқдан тўғридир. Шунинг учун кўпчиликнинг камоли шахсларнинг камолига боғлиқдир...”

Бугунги юртимиз аҳолиси сони бошқа МДҲ мамлакатларидагига қараганда тезроқ ўсди, дея хабар беради Ўзбекистон ахборот агентлиги. Агар 2004 йилда юртимизда 25707,4 минг киши яшаган бўлса, 2014 йилда уларнинг сони 30492,8 минг кишига, 2024 йил 22 апрель куни эса 37 миллионга етди.

Айни пайтда бизнинг истеъмолимиз учун талаб қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун биологик хилма-хиллик камайиб кетди, чўлланиш даражаси кучаймоқда. Мана шу шароитда аҳолини барча керакли маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, юртимиз экологиясини асраш, келгуси авлодларга обод юрт қолдириш учун ҳам биз дунёвий таълимга таянмоғимиз, унинг имкониятларидан мунтазам фойдаланмоғимиз талаб этилади. Қолаверса, дунёда айтарли табиий бойлиги йўқ бўлгани ҳолда бировга қарам бўлмай яшаётган, ҳеч кимнинг сурнайига ўйнамайдиган ўнлаб давлатлар бор. Уларнинг ҳаммаси эса айнан дунёвий таълим билан, унинг кучи ва мададига таяниб шундай тараққиётга эришган.

Шу маънода улуғ мураббий Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Ушбу тамаддун асрида илмсиз қуруқ таассуб ила ҳам яшаб бўлмас. Чунки замонамиз шундай зўрки, озгина фурсатда чурук таассуботимизни асосидан қўпаруб ташлайдур. Шунинг учун замонанинг муҳлик асбобиға қаршу муқовамат этадургон бир нарса бор бўлса, ул-да маорифдур” деган фикрларининг аҳамияти бугунги кунда ўн чандон ортган. Бугун дунё аҳолисининг сони кўпайиб бораётган, табиий бойликлар эса, аксинча, камайиб бораётган даврда яшаяпмиз. Мустақил ривожланиш йўлидан бораётган давлатларга  таҳдидлар ҳам кун сайин кучаймоқда. Иштаҳаси карнай бўлиб бораётган гегемон давлатлар таъсиридан фақат ва фақат дунёвий таълим, илм-фан ютуқларини эгаллаш орқали ҳимояланиш, давлатимиз мустақиллигини, суверенитетини сақлаб қолишимиз мумкин.

Дилнавоз ТОЖИБОЕВА,

ТДЮУ доценти