“Дурдонаи Шарқ” Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган тожик зиёлилари – шоир, ёзувчиларининг минбари бўлиб, шубҳасиз, икки қардош – ўзбек ва тожик халқлари маънавияти, адабиёти ривожига ҳам хизмат қилади.

Ёзувчилар уюшмасининг Самарқанд вилоят бўлими тожик шуъбаси раҳбари, шоир, журнал муҳаррири Асадулла Исмоилзода Янги Ўзбекистонда яратилаётган имкониятлар, турли миллат ва элатлар, хусусан ўзбек-тожик дўстлигини қадрлаб, янги журнал бу йўлда кўприк бўлишига умид билдирди.

– “Дурдонаи Шарқ” (“Шарқ дурдонаси”) адабий, илмий ва маърифий журнали биринчи сони нашрдан чиқди, – деди Асадулла Исмоилзода. – Бу  турдаги журнал Ўзбекистон таърихида биринчи марта тожик тилида чоп этиляпти. Бу бизнинг кӯп йиллик орзуимиз эди. “Дурдонаи Шарқ” журнали йилида тўрт маротаба 120 бетдан 70/108 форматида нашр этилади.

Унда Ўзбекистонда яшаб ижод қиладиган ижодкорларнинг ижод намунаси биринчи навбатда нашр этилади ва қолаверса, Шарқ адабиёти дурдоналарини жойлаштирамиз. Шу қаторда ёш ижодкорларни рағбатлантириб, уларнинг ҳикоя ва шеърларини бериб борамиз. Адабиётшунослик, тилшунослик, фольклоршунослик рукнларимиз мавжуд. Маънавий ва ижод тарғиботчилари учун махсус саҳифалар бор.

Журнал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик минг йилликлар давомида шакллангани, келажак авлод бундан бохабар бўлиши лозимлиги ҳақидаги сўзлари билан бошланади.