Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона идоралари билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Олабуқа туманида яшовчи, 1985 й.т. фуқароси ҳамда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1980 ва 1998 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда Қирғиз Республикасидан мамлакатимизга айланма йўллар орқали олиб кирилган 16800 дона "Regapen" кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 36 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1982 й.т. фуқаронинг ёни ва автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда 15 дона "Regapen" кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Шунингдек, унинг таниши бўлган, 1978 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг Учтепа туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилганда, 2967 дона "Regapen" дори воситаси борлиги маълум бўлиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
ДХХ Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда "Фарғона-Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган "Neksiya" русумли автомашина Сергели тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда Фарғона шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. фуқарога тегишли 1400 дона "Regapen", 30 дона "Tropikamid" кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1989 й.т., шахснинг "Lasetti" русумли автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда 6034 дона "Regapen" кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқаронинг яшаш хонадонидан ҳам 2800 дона "Regapen" дори воситалари олинди.
Таъкидлаш лозимки, барча ҳолатларда мусодара қилинган кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғиз Республикасидан мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб келинган.
Ҳозирда ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.