Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, бугун Халқаро дзюдо федерацияси Токио олимпиадаси рейтинг очколарининг якуний натижаларини эълон қилди. Унга кўра, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига йўл оладиган спортчилар номи расман эълон қилинди.
Халқаро дзюдо федерацияси(IJF)нинг рейтинг ўринлари бўйича 7 нафар эркак ва 2 нафар аёл дзюдочимизнинг Токиога бориши кутилаётганди. Шунингдек, қитъавий ва олимпия ўйинларининг жамоавий баҳсларига бериладиган йўлланмани қўлга киритиш масаласида вакилларимизнинг имкониятлари бор эди.
Ўтган йиллар давомида Токио-2020 учун ўтказилган саралаш мусобақаларида муносиб иштирок этган Шарофиддин Лутфуллаев, Диёрбек Ўразбоев, Сардор Нуриллаев, Ҳикматиллоҳ Тўраев, Шарофиддин Болтабоев, Давлат Бабанов, Муҳаммадкарим Хуррамов, Бекмурод Олтибоев, Диёра Келдиёрова, Гулноза Матниёзова Япония «чиптасини» нақд қилишди. Қувончлиси, рейтинг якунларига кўра, ёш дзюдочимиз Фарангиз Ҳожиевага Олимпия ўйинларининг қитъавий йўлланмаси тақдим этилди. Бу эса ўз-ўзидан Токио мусобақаларида Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси 7 нафар эркак ва 3 нафар аёл спортчи билан иштирок этади, деганидир.
Энг муҳими, Халқаро дзюдо федерациясининг кучли давлатлар рейтингига асосан дзюдо ватанида ўтадиган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасидаги жамоавий баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам медаллар учун кураш олиб боради.
Олимпия ўйинларининг дзюдо баҳсларини ўтказиш тартиб-қоидасига биноан Халқаро дзюдо федерацияси 133 та давлат орасидан 12 та мамлакат терма жамоаларига ушбу имкониятни тақдим этди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон дзюдо терма жамоасининг Токио олимпиадалари учун умумий йўлланмалари сони 11 тага (10 та яккалик + 1 та жамоавий ) етди.
Яна бир гап. Шу пайтгача юртимиз дзюдочилари Олимпия ўйинларининг жамоавий баҳсларида иштирок этмаганди. Ўзбекистон спортчиларининг дунёнинг 12 та кучли давлатлари қаторида эътироф этилганлиги юртимиз спорт ҳаётида ўзига хос воқелик бўлди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Рамзиддин Саидов Олимпия ўйинларининг дзюдо беллашувларини бевосита бошқариб боради.
Тўлқин РЎЗИЕВ.