Бугун Япониянинг Токио шаҳрида давом этаётган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида дзюдо мусобақалари ўз якунига етади. Баҳсларнинг сўнгги кунида жамоавий беллашувлар бўйича ғолиблар аниқланади.

Афсуски, ушбу йўналишда терма жамоамиз ўзига билдирилган ишончни оқлолмади. Илиас Илиадис шогирдлари жамоавий беллашувларнинг илк босқичида Голландия терма жамоаси билан куч синашди ва қўшимча беллашувдаги мағлубият туфайли мусобақа билан хайрлашди.

Ўзбекистон ва Голландия терма жамоалари ўртасидаги беллашувни оғир вазнли полвонлар бошлаб беришди. Унда Бекмурод Олтибоев кечаги яккалик баҳсларидаги рақиби Хенк Гролни иппон баҳоси эвазига таслим қилди ва жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Бироқ, -57 кг вазн тоифасида татамига тушган Диёра Келдиёрова ҳамда Санне Верхаген баҳсида голландиялик дзюдочи иппон баҳоси эвазига зафар қучди ва умумий ҳисобни тенглаштирди.

-73 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ҳикматуллоҳ Тўраев эса терма жамоамизни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. У Торнике Тсакадоеани қўшимча бўлимда иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратди.

Аёллар ўртасида кечган навбатдаги беллашувда Гулноза Матниязова рақибаси Санне ван Дийкени қўшимча дақиқаларда иппон баҳоси эвазига енгди ва ҳисобни 3:1 кўринишига келтириб қўйди. Шу билан бирга у яккалик баҳсларидаги мағлубият учун реванш олди.

Сўнгра Токио-2020 олимпиадасининг бронза медали совриндори Давлат Бобонов Ноел ван Тендга қарши татамига чиқди. Агар мана шу баҳсда ғалаба қозонсак, терма жамоамиз кейинги босқичга йўл оларди. Бироқ, олимпиада совриндори кутилмаганда имкониятни бой берди.

Аёллар ўртасидаги +70 кг вазн тоифасида беллашган ҳамюртимиз Фарангиз Ҳожиева ҳамда Гус Стинхаус баҳсида ҳам омад нидерландиялик дзюдочига кулиб боқди. Шу тариқа умумий ҳисоб тенглашди – 3:3.

Афсуски, ҳал қилувчи баҳсда биз ишонган Олтибоев учинчи тўқнашувда рақибига ютқазди. Йўқ, у йиқилмади, шунчаки баҳсни суст олиб бораётгани учун жазоланган ҳамюртимиз огоҳлантиришлар ҳисобига рақибига имкониятни бой берди.

Шу тариқа, Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси Токио олимпиадасидаги иштирокини биргина бронза медали билан якунлади.

Туризм ва спорт вазирлиги 

Матбуот хизмати