Тадбирда Свердловск вилояти, Екатеринбург шаҳар мутасаддилари, Россия  Ташқи ишлар вазирлигининг Екатеринбургдаги вакили, Свердловск вилояти Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси, шунингдек, Болгария, Вьетнам, Германия, Тожикистон, Озарбайжон бош консуллари ҳамда  округ ҳудудидаги олий таълим муассасаларининг ўқитувчи ва талабалари ҳозир бўлдилар.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, академик Aкмал Саидов томонидан ёзилган «Ғалаба боғи фалсафаси» китобининг моҳияти, унда Ўзбекистон ва ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уриши ғалабасига қўшган ҳиссаси ҳақида архив материалларига асосланиб ёзилган маълумотлар,  ўзбек шоир ва ёзувчиларининг жангчилар ва етим болаларга бағишлаб ёзган шеърлари ҳамда Ўзбекистонга эвакуация қилинган рус, беларусь ва украин зиёлиларининг ўзбек халқига билдирган миннатдорлик сўзлари ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдимот иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.     

Тадбир қатнашчиларининг асосий эътибори 2020 йили короновирус пандемияси авж олганига қарамасдан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Тошкентда, 15 гектар майдонда барпо этилган «Ғалаба боғи» ва мажмуа ҳудудидан ўрин олган монументлар ҳақидаги суратларда бўлди.  

2021 йил октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилган Президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган вилоят Омбудсмани Т.Мерзлякова «Ғалаба боғи фалсафаси» китобини катта қизиқиш билан ўқиб чиққанини маълум қилди.

–Китобни «бир нафасда» ўқиб чиқдим,- деди у. - Мен Ўзбекистонда бўлганимда «Ғалаба боғи»ни кўришга бордим. Мажмуада амалга оширилган ишлар ҳақиқатдан ҳам мени лол қолдирди. Ушбу китобда муаллиф, академик Акмал Саидов мажмуанинг мазмун-моҳиятини, аждодларимиз жасоратини юксак маҳорат билан очиб берган.

Тақдимот  ниҳоясида Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга Россия, Украина ва Белоруссиядан эвакуация қилинган ёш болалар, етимлар ва хусусан ленинградликларга бошпана берган ўзбек оилалари, масалан темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқасига бағишланган «Ты не сирота» бадиий фильми намойиш этилди.