Айниқса, экологик муаммолар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ҳамда глобал муаммога айланган бугунги шароитда мазкур масала янада долзарб аҳамият касб этади. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 7 миллион киши ҳаво ифлосланиши таъсиридан вафот этади. Газ ифлосланишидан келиб чиқадиган касалликларни даволаш учун йилига тахминан 1 триллион доллар сарфланади. Ҳар соатда 1692 гектар унумдор ер чўлга айланади. Экология муаммоси халқаро даражада атроф-муҳит муҳофазаси мавзуси сифатида илк маротаба 1972 йилда Стокгольмда ўтказилган БМТ конференциясида муҳокама қилинган. Мазкур конференцияда инсон фаровон ва юқори қадр-қимматга эга ҳаётни тақозо этадиган муҳитда яшамоғи лозим деган ғоя илгари сурилган.

Юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликка оид 20 дан ортиқ қонунлар ва юзлаб қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Хусусан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғриси”ги қонунлар ва Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси шулар жумласидандир. Бундан ташқари, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг бир қатор моддаларида атроф-муҳитга зарар етказиш билан боғлиқ ғайриқонуний ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан экологик хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилиб, 2020 йил 23 сентябрдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор давримизнинг жиддий муаммоларидан бири – глобал иқлим ўзгаришларига тўхталиб, бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этаётганини, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдираётгани билдирилди. Ушбу ялпи мажлисда ҳамжамият томонидан Оролбўйи ҳудудидаги вазиятга эътибор қаратилиб, Президентимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида Оролбўйи минтақасини “Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус Резолюция бир овоздан қабул қилинди. Шунингдек, мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди.

Жорий йил 20 июнда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувида ҳам экологик хавфсизликка алоҳида эътибор қаратиб, Бош қомусимизда ушбу йўналишга доир экологик-ҳуқуқий нормалар ўз аксини топиши ҳаётий зарурат эканини ифодалаб берди.

Жорий йилнинг 25 июнида “Ўзбектон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонун лойиҳаси муҳокамаси эълон қилинди. Унга кўра Конституциянинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар, 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда. Мазкур лойиҳада бир қатор экология ва атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ нормаларни кўриш мумкин. Хусусан, лойиҳанинг 40-моддасида давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши, давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўриши белгиланмоқда.

Шуниндек, “Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга” деган янги 401-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Лойиҳанинг 54-моддасида “Мулкдор мол-мулкига ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги керак” лиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳанинг 55-моддасини “Ер, ер ости бойликлари, сув, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланилиши лозим
ва улар давлат мулкида бўлади. Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат томонидан муҳофаза қилинади” жумлалари билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Хорижий мамлакатлар (Германия, Греция, Италия, Болгария ва бошқа давлатлар) конституцияларида ҳам экологик-ҳуқуқий нормалар ўз аксини топганлигини кўриш мумкин. Жумладан, Греция Конституциянинг 24-моддасига кўра, табиий ва маданий атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатнинг мажбурияти ҳисобланади. Германия Конституциясининг 20а-моддасида ҳам давлат атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиши, бугунги ва келажак авлод олдида маъсул эканлиги белгиланган. Италия Конституциясининг 9-моддасида давлат мамлакат табиатини муҳофаза қилиши назарда тутилган. Болгария Конституциясининг 15-моддасида ҳам давлат атроф-муҳитни муҳофаза қилиши ва такрор ишлаб чиқаришни, ёввойи табиатни сақлашни ва унинг хилма-хиллигини ва мамлакатнинг табиий бойликлари ва ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаши белгиланган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Конституцияда экологик-ҳуқуқий нормаларнинг ўз аксини топиши Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш сифатида фуқароларнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишга ҳамда экологик муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Р.Нурматов

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти

масъул ходими