Ушбу номдаги рассомларнинг Пленер кўргазмаси Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Марказий кўргазмалар залида ташкил этилди.

30 нафар таниқли, шунингдек ёш рассомлар октябрь ойи сўнгидан ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигига қадар Пленерда Тошкент шаҳри ва юртимизнинг Қорақалпоғистон республикаси — Қуйи Амударё биосфера резервати, Тошкент вилояти — Угом-Чотқол , Чотқол давлат биосфераси, Самарқанд вилоятининг “Зарафшон”, Хоразмнинг “Хоразм” миллий табиат боғлари, Сурхондарё вилоятининг Сурхон давлат қўриқхоналаридаги манзараларни тасвирлашган.

Тақдим этилган 90 дан ортиқ ижодий ишларнинг асосий қисмида муаллифлар томонидан табиат мотивлари асл ҳолатда тасвирланган, бошқалари эса декоратив кўринишда.

Экспозициядан Тошкент вилоятида жойлашган “Чорвоқ” ва “Хумсон”нинг 4 хил кўринишлари тасвирланган ижод намуналари ҳам ўрин олган.

Кўргазмани Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ташкил қилган.   

Ўйлаймизки, бундай ижод намуналари буюк тарбиячи, ижодкор табиатга бизни янада яқинлаштиради ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маданиятини оширади.

Кўргазма 20 декабргача давом этади. 

Ҳасан Абдуназаров