Шу ўринда вакциналар иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, юқумли касаллик тарқатувчи вирусларга қарши курашишда иштирок этишини, биз эмлаш орқали нафақат ўзимиз, балки атрофимиздагиларни ҳам ҳимоя қилишимизни таъкидлаш жоиз. Шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда мамлакатимизда эмлаш ишларига пухта тайёргарлик кўрилди. Маълум қилинганидек, республикамизда эмлаш жараёнлари 1 апрелдан бошланади.
Коронавирус инфекциясига қарши аҳолини эмлаш жараёни уч босқичда олиб борилади. 1 апрелдан бошланадиган биринчи босқичда 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли ва тиббиёт ходимлари эмланади. Булар – коронавирусни даволашга ихтисослашган махсус шифохоналар, тез тиббий ёрдам тизими, шошилинч тиббий ёрдам тизими, юқумли касалликлар шифохоналари, коронавирус ташҳисоти лабораториялари, бирламчи бўғин – амбулатория ва поликлиника хизмати ходимлари эмланиши кутилмоқда.
Бугунги кунда вилоят марказларида ташкил этилган эмлаш пунктларида эмлаш ишлари олиб борилади. Маълумот ўрнида айтиш керакки, эмлаш ишлари республика бўйича 219 та эмлаш пунктида олиб борилиши режалаштирилган. Эмлаш жараёнини шошмасдан, эмлаш хавфсизлиги ва «совуқлик занжири»га риоя қилган ҳолда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Яна бир муҳим жиҳат вакцинаторлар шифокор кўригидан ўтмаган, чеклови мавжуд, монеликлари бор аҳолини эмламасликлари керак. Эмлаш жараёнини шошмасдан амалга ошириш лозим. Ана шундагина аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишга эришилади.
Барча эмлаш пунктларида ишловчи тиббиёт ходимларимиз, уларга масъул бўлган шахслар, вакцинаторлар вакцинани тўғри сақланиши, ўз вақтида қилиниши керак. Вакцинани 6 соат давомида ишлатиш керак. Сўнг у яроқсизлантирилади. Шу билан бирга ҳар бир фуқарони шифокор кўригидан тўлиқ ўтказиш, соғлиғини текшириш тавсия этилади. Шу ўринда тиббиёт ходимлари эмланган аҳолига вакцина билан эмлангандан сўнг маълум ўзгаришлар бўлса, дарҳол ўз шифокорларига мурожаат қилишлари даркорлигини айтишлари керак. Аҳоли учун эмлаш, дам олиш, эмлангунгача бўлган кутиш хоналари ташкил қилинган.
Эмлангандан сўнг кузатув хоналарида 30 дақиқа кутиб туришларига эътибор қаратиш лозим. Бу нима учун қилиняпти? Бу аҳолида эмлангандан сўнг ножўя ҳолатлар кузатилса, буни бартараф этиш мақсадида амалга ошириляпти. Эмланишга яқинлари ҳамроҳлигида келишлари мақсадга мувофиқ. Фуқароларга маълум бир ўзгаришлар юз берадиган бўлса, албатта мурожаат қилишларини яна бир бора эслатиб ўтамиз.
Бугунги кунда ташкил қилинаётган вакцинация жараёнларида AstraZeneca вакцинаси икки маротаба, ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан уч маротаба эмлаш кўзда тутилган. Яъни эмлаш икки хил вакцина билан аҳолининг хоҳишига кўра ўтказилади.
Жараён яхши ва сифатли ўтиши учун бир неча босқичга бўлинган ҳолда амалга оширилади. Эмлаш жараёнида ниқобда бўлиш, масофани сақлаган ҳолда, антисептик воситалари билан қўлларни дизенфекция қилиш, эмлаш хоналарини зарарсизлантириш, тез-тез шамоллатиш даркор, деб хабар беради Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати.