Қарор билан давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқни ташкил қилувчи корхоналар (АЖ, МЧЖ, ДУК) веб-сайтига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда:
Низомга мувофиқ корхоналар қуйидаги тартибда ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ошкора этадилар:
доимий маълумотлар: корхона фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадлари, устав фонди (устав капитали) ва унинг тақсимланиши, ташкилий тузилмаси, бўш иш ўринлари, бўш турган, фойдаланилмаётган, носоҳавий активлар, аффилланган шахслар рўйхати ва ҳоказолар;
чораклик: бизнес-режа ва ривожланиш стратегиялари ижроси, бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар, корхонанинг бошқарув соҳаси, бошқарув қоидаларига мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотлар, Шу билан бирга, корхоналар ўз харидлари тўғрисидаги маълумотларни, жумладан, импорт эвазига харидларнинг тўлиқ рўйхати (маҳсулот (иш, хизмат) номи, ҳажми, қиймати ва етказиб берувчининг тўлиқ маълумотини ошкор этиши талаб қилинмоқда;
йил якуни бўйича: корхона фаолиятини баҳолаш натижалари, таваккалчиликлар, аффилланган шахслар билан тузилган ва йирик битимлар тўғрисидаги маълумотлар, бошқарув ва назорат органларига тўланган рағбатлантиришлар миқдори тўғрисидаги маълумотлар, бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар ҳамда йиллик молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси, ҳисобланган ва тўланган дивидендлар (ажратмалар) ва бошқалар;
кун ичида корхонанинг муҳим фактлари ошкор этилиши лозим. Булар: доимий ахборотлар сирасига кирувчи маълумотлар ўзгариши, мол-мулки ва банк ҳисоб-варақлари хатланиши, активлар қийматининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда даъво иши қўзғатилиши, корхона томонидан йирик битимлар ва манфаатдор шахслар ва (ёки) аффилланган шахслар билан битимлар тузилиши ва бошқалар.
Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари веб-сайтлари мониторингини олиб боради ва ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий маълумот киритади.
Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.