Жорий йилнинг октябрь ойида «Саховат» паррандачилик хўжалиги ва "KFC Тожикистон" ўртасида товуқ гўштидан тайёрланган ярим тайёр маҳсулотлар етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Ўзбекистон компанияси жорий йилнинг охиригача Тожикистонга 30 тоннагача маҳсулот экспорт қилишни режалаштирган.
«Саховат» қуйидаги бир қатор сабабларга кўра, Тожикистон Республикасидаги халқаро KFC ресторанлар тармоғи учун етказиб берувчи сифатида танланди:
- ишлаб чиқариш ва маҳсулот сифатини назорат қилиш бўйича KFCнинг глобал талабларига мувофиқлиги;
- маҳсулотларда биологик ва кимёвий ифлосланиш йўқлигини тасдиқловчи халқаро SGS сертификатининг мавжудлиги;
- «Ҳалол» сертификатининг мавжудлиги;
- мамлакатларнинг географик жиҳатдан яқинлиги ва Ўзбекистонда паррандачиликни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши натижасидаги рақобатбардош нарх.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июнь ойида Ўзбекистонда паррандачилик билан шуғулланувчилар тухум ва гўшт сотиш учун субсидиялар олишга муваффақ бўлишди, бир қатор солиқлар 2 баравар камайтирилишига, шунингдек, кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисми қопланишига эришдилар. Бу маҳсулот таннархини пасайтириб, республиканинг экспорт имкониятларини кенгайтирди. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда паррандалар сони 86 миллион бошдан ортди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 4,7 фоиз).
"Саховат"нинг Пскент бўлимида Ўзбекистон ва Тожикистондаги KFC тармоқлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган алоҳида цех ишлайди.
Маълумот учун:
2021 йилнинг январь-сентябрь даври якунларига кўра, Тожикистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари рўйхатида 11-ўринни эгаллаб турибди. Ушбу даврда мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 407,5 миллион долларни ташкил этди.
Тожикистон Ўзбекистон билан ҳамкорлик қиладиган давлатларнинг биринчи 20 талигидаги фаол ташқи савдо балансини (экспорт импортдан кўпроқ) сақланиб қолаётган тўртта мамлакатдан биридир.