Таъкидлаш жоизки, шу йил январь ойида кузатилган қаҳратон совуқ барчамизни шошириб қўйди, буни ўз танимизда ҳис қилганимиз ҳам бор гап. Бинобарин, электр ва газ таъминотида ўрнатилган чекловлар, транспорт-логистика тизимидаги узилишлар кундалик турмушимизда қатор ноқулайликларни юзага келтирди. Бу ўз навбатида, энергетика барқарорлиги йўлида мавжуд муаммоларни яққол кўрсатиб берди. Айни пайтда мазкур йўналишдаги ишларни яна бир бор таҳлил қилиш асосида истиқболли лойиҳаларни жадаллаштириш имконини ҳам яратди.
Давлатимиз раҳбари бундан буён январдаги каби ҳолатлар такрорланмаслиги, энергетика тизимида коллапс юзага келмаслиги учун бугундан, айни дақиқалардан бошлаб ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўриш, мавжуд тақчиллик ўрнини қоплаш, бир сўз билан айтганда, энергетик барқарорликка эришиш чораларини кўрмоқда.
Йиғилишда берилган топшириқлар ижросини изчил амалга ошириш, аҳолини ёқилғи энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, куз-қиш даврини беталофат ўтказиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш бўйича туман ҳокими раҳбарлигида ишчи гуруҳи шакллантирилиб вазифалар белгилаб олинди.
Бугун Ургут туманда электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолига барқарор ва узлуксиз етказиб беришда қонун бузилишларини олдини олиш, энергия ресурсларни ноқонуний истеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйиш, улардан самарали фойдаланиш борасида туман ишчи гуруҳи томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиши, шу жумладан, юртдошларимиз турмуш шароитининг тобора яхшиланиб бораётгани эвазига электр энергиясини истеъмол қилувчи маиший техникаларнинг кўпайиши, ишлаб чиқаришга янги техника ва технологияларнинг жорий этилиши ёқилғи-энергия ресурслари, хусусан, электр энергияга талабнинг ошишига олиб келди. Масалан, сўнгги беш йилда юртимизда электр энергияси истеъмоли 20 фоиз, шу жумладан, аҳоли томонидан сарфланиши 31 фоизга ошган. Бу кўрсаткич йилига 6 фоиздан ўсиб бормоқда. Қолаверса, энергетика тизими корхоналарини модернизация қилиш, янги қувватлар, шу жумладан, муқобил энергетикани ривожлантириш, бошқарув тизимини ислоҳ қилишга яқин-яқингача талаб даражасида эътибор қаратилмагани ҳам бугун ўз “самара”сини кўрсатяпти. Демак, бу муаммо бугун дабдурустдан пайдо бўлиб қолмаган. Бунга, биринчи навбатда, йиллар мобайнида йиғилиб келган муаммолар, бошқа томондан эса, талабнинг таклифга нисбатан кескин ошиб бориши сабаб бўлган.
Республика комиссияси йиғилиш баёнининг 3-бандида Бош прокурор ўринбосари ва Республика штаби билан биргаликда
куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини назоратга олиб, ижросини ташкил этишга масъул этиб белгиланди. Бу борада назорат тадбирларини ҳар томонлама тўла, сифатли, холисона ва муддатида ўтказилишини таъминлаш мақсадида ваколатли идоралардан мутахассислар жалб қилинган ҳолда текширишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда туманида 120 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларнинг мавсум давомида талаб этиладиган кўмир миқдори 37 минг тоннани ташкил этади.
Ана шу мақсадда “Ўзбеккўмир” АЖ корхонаси томонидан тумандаги “Жарқишлоқ” ҳамда “Бунёдкор” маҳалалларидаги кўмир ёқилғиси тарқатиш омборларида имтиёзли нархда аҳолига етказиб берилмоқда. Олиниши режалаштирилган кўмир ёқилғиси биринчи навбатда туманнинг тоғ олди ҳудудларидаги маҳаллаларга тарқатилади.
Бугунги кунга қадар туманда 17 минг тонна кўмир ёқилғиси олиб келиниб, маҳаллаларга график асосида тарқатилди. Шунингдек, мавсум давомида электр тармоғи пунктларни фавқулодда таъмирлаш учун етарли эҳтиёт қисмлар захираси яратилди.
Айни пайтда туманимизда жами 76 минг 292 та аҳоли хонадони рўйхатдан ўтган. Шундан 69 минг 890 та аҳоли хонадони маиший газ баллони билан таъминланган. Ишчи гуруҳининг ташаббуси билан тумандаги 18 та кўп қаватли уй-жойларнинг 482 хонадони табиий газ тармоғига улаб берилди.
Шунингдек, 61 та кўп қаватли турар жой биноси электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик сув тармоғи билан таъминланди. Бугунги кунда бу кўп қаватли турар жой биноларига “Бинокор Стар” МЧЖ бошқарув компанияси томонидан сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Туман ҳокимлиги ва туман прокуратурасининг аралашуви билан “Мерганча” массивидаги 24 та мавжуд кўп қаватли уй-жой, 576 та хонадон тадбиркорнинг амалий ёрдами билан электр тармоғига улаб берилди.
Яна бир аҳамиятли жиҳат. Ҳар бир кўп қаватли уй-жойларга тумандаги идора ва ташкилот раҳбарлари масъул сифатида бириктирилган бўлиб, улар томонидан мазкур уй-жойларни куз-қиш мавсумига муносиб тайёрлаш, санитария-гигиена ҳолатларни яхшилаш, ободонлаштириш каби масалаларни ҳал этиш вазифалари белгилаб берилган.
Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича туманда тузилган ишчи гуруҳ томонидан тумандаги Ўрамас, Деҳқонобод, Вағашти, Зарафшон, Қуйи Тегана, Санчиқул каби бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларига 11,7 километр сув қувурлари ва 8 дона сув насоси ўрнатилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардимки, энергия ресурслари битмас туганмас манба эмас. Уни ишлаб чиқариш учун қанча маблағ ва машаққатли меҳнат талаб қилинишини ҳар ким ҳам билавермайди. Энергия манбаларини тежаш бўйича тарбияни оиладан, мактаб ва олий ўқув юртлари, ҳаттоки болалар боғчасидан бошлаш керак. Чунки фарзандларимиз интеллекти тез ўсиб бормоқда, улар ҳар қандай қизиқ ахборотни тез ўзлаштиради. Шунинг учун нафақат чақириқлар билан энергия тежашга даъват этишимиз, балки энергия турларининг захиралари, уларни ҳосил қилиш мураккабликлари ҳақида маълумотлар бериб боришимиз керак.
Асрор ВАЛИЕВ,
Ургут туман прокурори,
Сирожиддин ҒАНИЕВ,
туман прокурори ёрдамчиси