Бу ҳақда“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда. Унга кўра, куни кеча “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ишчи гуруҳи вакиллари томонидан жамиятнинг мазкур йўналишдаги лойиҳалаштириш ишлари ўрганилди.

Унга асосан, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ қуёш сув иситкичлари йўналиши бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил сентябрдаги 518-қарорига мувофиқ ташкил этилган “алоҳида саҳифа”га киритишга тавсия этилди. Шу тариқа корхона “алоҳида саҳифа” орқали  маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ва тендерларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди. 

 — Таъкидлаш зарурки, корхонамизда энерготежамкор маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўйича технологик имкониятлар, қувват ва  тажриба, шунингдек, малакали мутахассислар етарли, — дейди  ишлаб чиқариш базаси бошлиғи Илҳом Худойқулов. — Шунингдек, маҳсулотларимизга сифатли ҳамда кафолатланган техник хизмат кўрсатиш тизимимиз мавжуд. Мақсадимиз, яшил энергетика улушини ошириш орқали иқтисодиётимиз ривожига, табиий ресурслар тежамкорлигига ҳисса қўшишдан иборат.

Қайд этиш керакки, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖда маҳаллийлаштириш давлат дастури асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Корхонанинг ишлаб чиқариш базасида импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, корхона томонидан юқори босимли бир ва икки поғонали спираллар, иситиш сатҳи змеевиклари, призонли мурватлар, қозон иситиш юзаларининг элементлари —конвектив буғ иситиш пакетлари, сув экономайзер пакетлари ишлаб чикарилиб,  мамлакатимиз иссиқлик электр станцияларига буюртма асосида етказиб берилмоқда.