Халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ҳарбий хизматчиларимиз АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашди.

Мусобақа давомида ҳарбий хизматчиларимиз якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 км масофага ориентирлаш, 15 кг юк билан 20 км масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажардилар.

Мусобақада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари юқори интеллектуал салоҳияти, жисмонан чиниққанлиги ҳамда ғалабага бўлган ишончи билан иштирокчилар орасида яққол ажралиб турди ҳамда энг юқори натижаларни кўрсатган ҳолда ғолиб бўлишди.

Мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 ва 2021 йилларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлишган эди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти