Президентнинг “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2026 йил 1 февралдан:
- аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича «Китоб – маърифат манбаи» дастури амалга оширилади;
- давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади;
- транспортларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали «Мутолаа» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.
Умумтаълим муассасаларида «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари ташкил этилади:
- клуб аъзолари ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказилади;
- мактабларда клуб аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиб борилади;
- ҳар чоракда туман(шаҳар) кесимида энг фаол «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари аъзолари рағбатлантирилади.
Шунингдек, қарорга кўра, барча вазирлик ва идораларда:
- 2026 йил 1 мартга қадар тегишли соҳа бўйича тавсия этиладиган касбий фаолиятга оид адабиётлар рўйхати шакллантирилади;
- ҳар йили камида 3 тадан касбий фаолиятга оид хорижий адабиётларни маҳаллий нашриётлар орқали ўзбек тилига таржима қилиб, малакали мутахассислар иштирокида уларни изоҳлар, луғат ва мисоллар билан бойитиш амалиёти жорий этилади;
- 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда “Китоб бурчаги” ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилади;
- китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади;
- танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.
Шунингдек, энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.