Хитойнинг етакчи “People Daily” газетасининг онлайн-версиясида хабар қилинишича, жорий йилнинг дастлабки етти ойида Хоргос назорат-ўтказиш пункти орқали юк поездлари томонидан ташилган юкларнинг энг кўп қисми Хитой-Европа ва Хитой-Марказий Осиё йўналишидаги темир йўллар орқали ўз эгаларига етказилган, дея хабар қилади “Дунё” АА мухбири.

Газета маълумотларига кўра, 2020 йил январь-июль ойларида Хитойнинг Қозоғистон билан чегарасида жойлашган “Хоргос” темир йўл назорат пункти орқали 3,3 миллион тонна юк ташилган.

Жами 2240 та поезд ўтган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55,37 фоизга кўп.   Ушбу даврда 1974 та юк поездлари кийим-кечак, электроника, электромеханик ва кимёвий маҳсулотлар билан Хитойдан керакли манзил сари йўл олишган.

Ушбу назорат пункти орқали темир йўлдан бир вақтнинг ўзида Европа ва Марказий Осиёдан Хитойга жами 266 та юк поезди кириб келди.  

“Улар асосан Германия, Польша, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан пахта иплари, қурилиш материаллари, автоуловлар ва бошқа маҳсулотларни  олиб келишган”, дея хулоса қилади “People Daily”.