Пойтахтимизда оммавий ахборот воситалари учун “Ўзархив” агентлиги тизимидаги Ўзбекистон Миллий архиви, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаларининг 2020 йилда амалга оширган ишлари ва 2021 йил учун мўлжалланган устивор вазифалар  бўйича  ҳисоботлари тақдимот бўлиб ўтди.    

 Матбуот анжумани бошланишидан аввал оммавий ахборот воситалари вакиллари учун архив ҳужжатлари асосида тайёрланган турли даврга оид алоҳида қимматли ҳужжатлар кўргазмаси намойиш этилди.

Мазкур кўргазмада энг қизиқарли ва ноёб ҳужжатлардан бири, IX асрга тегишли Сомонийлар даврига оид вақф ҳужжати ҳамда XV асрга тегишли Амир Темур вақф қилган ҳужжатлари ҳисобланади. Даврийлиги ва қадимийлиги билан Хива хонлиги, Қўқон хонлиги ҳамда Бухоро амирлиги девонхоналари вақф ҳужжатлари, шўролар даврига тегишли архив тизими тарихини ёритувчи, Чор Россияси даврида бошқарувда бўлган генерал-губернаторлар қарорлари, фармонлари каби ҳужжатлар ўрин эгаллаган. Кўргазмага қўйилган эски ўзбек ёзувидаги ҳамда рус тилидаги ҳужжатлардаги маълумотлар тадбир иштирокчиларида қизиқиш ўйғотди ва мутасаддилар томонидан ҳужжатлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилди.

Анжуманида Ўзбекистон Миллий архиви директори Дилбар Закирова 2020 йилда архив ишларини ривожлантириш бўйича  амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилги  асосий устувор вазифалар юзасидан ахборот берди.

Жумладан, Ўзбекистон Миллий архивида 2020 йил давомида кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажми 1 миллиард 321,0 миллион сўмни ташкил этди.

Олинган даромадлар, асосан, ҳужжатларни илмий-техник тартибга келтириш, жамлаш манбаи ташкилотларининг меъёрий-услубий ҳужжатларини тайёрлаш, шартнома асосида вақтинчалик сақловга қабул қилиш, ўқув зали тадқиқотчиларига ҳужжатлардан нусха бериш, мавзули сўровларни бажариш ҳисобидан туширилиб, архивнинг моддий техника базасини ривожлантиришга ва ходимларни моддий рағбатлантиришга қаратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатлари сақловини таъминлаш бўйича 28 минг 590 варақ таъмирланди, ҳужжатларни (мураккаб) реставрация қилиш бўйича 4891 та, ҳужжатларни муқовалаш ва тикиш бўйича 1176 та йиғмажилд варақлари бўйича амалга оширилди, 13 та ташкилотлардан 8422та бошқарув ҳужжатлари ҳамда фуқаролардан ўрнатилган тартиб бўйича 1 167 сақлов бирлигида шахсий келиб чиқиш ҳужжатлари давлат сақловига қабул қилинганлиги, ўтган йил давомида фуқароларнинг архив ҳужжатлари асосидаги 25 минг 753 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлари кўриб чиқилган.

2021 йилда Ўзбекистон Миллий архиви томонидан пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажмини кўпайтириш, архивнинг моддий-техник базасини янада ривожлантириш, ҳужжатлар сақловини таъминлаш жараёнини замонавий техник ва технологик жиҳозлаш, соҳага ахборот коммуникацион технологияларни кенг жалб этиш, архив ҳужжатларини электрон кўринишга ўтказиш ишларини янада жадаллаштириш, Ўзбекистон Миллий архивининг ҳалқаро хамкорлик доирасида олиб борадиган ишларни янада ривожлантириш, ходимларни моддий рағбатлантириш, архив иши ягона ахборот тизимини такомиллаштириш ҳамда  архивда сақланаётган шахсий таркибга оид фондларни қамраб олган маълумотлар базасини кенгайтириш каби долзарб вазифалар белгиланди.