Долзарб мавзуларни дадиллик билан кўтариб, муаммолар ечимига ҳисса қўшаётган ижодкорларни янада руҳлантиришни мақсадида ташкил этилган танловга жорий йилда ҳам 7 номинация бўйича 350 нафарга яқин ижодкор — журналистлар, ёзувчи-шоирлар, кино санъати, тасвирий санъат, фото асарлар, дизайн ишлари ижодкорларидан бир минг етти юзга яқин ижодий ишлар тақдим этилган.

Одатдагидек, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган танловнинг “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” номинациясида 74 нафар журналист 359 та ижодий иш билан қатнашган.

— Менга бўлган эътибор ва эътироф бир қувонч бағишласа, меҳнат қувончи, халқнинг баҳоси, ҳақ сўзни айтиш — катта бир бахт, — “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” номинацияси бўйича 1-ўрин соҳиби Шойим Бўтаев.

“Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” номинациясига ҳам ўтган йилга нисбатан кўп — 30 га яқин ижодкор ўз китобларини тақдим этган.

Айни номинация доирасида 1-ўринга сазовор бўлган Маматқул Ҳазратқулов бундай эътироф ижодкорни янада руҳлантиришини айтиб, энг улуғ, энг азиз байрамимиз номи билан аталган танловда ғолиб бўлиш, ҳатто қатнашишнинг ўзи катта шарафлигини алоҳида таъкидлади.

Кўрик-танлов ғолиблари муносиб тақдирланди. Санъаткорларнинг дилтортар куй-қўшиқлари эса тадбирга файз улашди.

 

Муножат Мўминова