Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Оҳангарон туманида унитар корхона юристи, муқаддам судланган шахс Нурафшон шаҳрида хусусий корхонага ажратилган 90 сотих ер майдонини 250 минг долларга сотишни таклиф қилган. Шунингдек, кадастр идораларидаги танишлари орқали коттеж қуришга рухсат олиб беришни ваъда қилиб, хизмат эвазига 30 минг доллар талаб қилган. У тезкор тадбир пайтида 40 минг доллар аванс олган вақтда ушланган.
Қашқадарёда эса газ таъминоти бўлими ходими мансабдор танишлари орқали давлат захирасидаги 1 гектар ерни 500 млн сўмга сотишга келишиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.
Бухорода муқаддам судланган маклер 1 250 квадрат метр кўчмас мулкни қайта тоифалаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 14 минг доллар талаб қилган. У ҳам пулни олаётганда ушланди.
Маълум қилинишича, барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган, тергов ҳаракатлари ҳамда ушбу жиноятларга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш ишлари давом этмоқда.