2023 йил 10-25 сентябрь кунлари Aр-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида Буюк ипак йўлининг Зарафшон — Қорақум коридорида жойлашган 31 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган эди. Улар орасида Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Қосим шайх мажмуаси, Мирсаид Баҳром мақбараси, карвонсарой, сардоба ҳамда Мавлоно Ориф Деггароний масжиди маданий мерос объектлари ҳам бор.
Навоий вилоятига қадами етган киши Буюк ипак йўли ўтган қадим Карманада жойлашган кўҳна меъморий ёдгорликлардан бири — Қосим шайх мажмуасини албатта зиёрат қилади. Ушбу мажмуа 500 йиллик тарихга эга бўлиб, тумандаги Хўжа Хисрав маҳалласи ҳудудида жойлашган.
Иншоот яссавия тариқатининг шу ерлик етакчиси, шайх Худойдод валийнинг шогирди, Марказий Осиёда ном қозонган диний-сиёсий арбоб Қосим шайх Азизон Карминагий номи билан боғлиқ.
1558 йилда Қосим шайх учун хонақоҳ сифатида бунёд этилган мажмуа мустақиллик йилларида таъмирланиб, асл шакл-шамойили ва гўзаллигига эга бўлди. Бу ёдгорлик хонақоҳ, хилхона, масжид, айвон ва бошқа қўшимча хоналардан иборат. Хонақоҳ чордоғи тарҳли ва қўш гумбазлидир. Ички гумбаз ости ироқи муқарнаслар билан тўлдирилган. Тарҳининг уч томони пештоқли, жанубий пештоқ ҳашаматлилиги билан ажралиб туради ва тевараги ўтган асрнинг бошларида девор билан ўралган. Қўшимча бинолар, яъни зиёратхона, масжид ва айвон қурилган.
Хонақоҳ қўшдевор бўлиб, махсус девор оралиғи биргина шам билан қиздиришга мўлжалланган. Битта шамдан ҳосил бўлган иссиқ ҳаво бино ҳароратини мўътадил сақлаб туришга хизмат қилган.
— Ушбу мажмуани шайбоний Абдуллахон II ўзига пир деб билган Қосим шайх Азизонга атаб қурдирган, — дейди тарихчи Амриддин Абутолипов. — Мажмуа ташқи ва ички гумбаздан иборат. 1910-1911 йилларда Бухоронинг сўнгги ҳукмдори Амир Олимхон томонидан ушбу мажмуага монанд бир бино барпо этилган. Айни вақтда ушбу тарихий ёдгорлик билан яқиндан танишиш учун маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.
Хонақоҳнинг шарқий томонида Қосим шайх сағанаси бор. Сағана мармар ва Абдуллахон ғишти деб аталувчи тош билан қопланган. Айрим жойига Қуръони карим оятлари ёзилган мармартош терилган. Ҳозир бу тошларнинг баъзилари сақланиб қолган.
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган тарихий мажмуалардан яна бири Кармана туманидаги Х-ХI асрларга мансуб Мирсаид Баҳром меъморий ёдгорлигидир. Ушбу тарихий комплекс мақбара ва мўъжаз масжидни ўз ичига олади.
Мирсаид Баҳром мақбараси — ноёб иншоот. У Ўзбекистон ҳудудидаги энг кичик мақбара. Кўпчилик айрим қисмлари туфайли уни Бухородаги сомонийлар мақбарасига ўхшатади. Мақбара биноси квадрат шаклида ҳамда ихчам гумбазли. Кириш қисмида жуда чиройли арка мавжуд. Унда куфий хатида ёзув битилган. Бутун девор геометрик қопламадан иборат. Бинонинг ички қисмида мармар қабртош мавжуд. Қабр устига эса қимматбаҳо газлама ёпилган. Бинонинг ички девори гумбазни кўтариб турувчи саккиз қиррали аркалардан иборат. Аркаларда ёғочдан ўйиб ишланган нақшлар сақланиб қолган.
Мақбара бир неча бор таъмирланиб, ҳозир дастлабки кўринишини йўқотган. Таъмирлаш жараёнида олд томони пишиқ ғиштдан қайта терилган. Иншоот меъморий ашёларининг ўзаро мутаносиблиги ва нақшлари ихчамлиги билан ажралиб туради.
Тарихий китобларда ёзилишича, Мирсаид Баҳром йирик савдогар бўлган. У Карманадан ўтган Буюк ипак йўли орқали Афғонистон, Эрон ҳамда араб давлатларига бориб, савдо-сотиқ билан шуғулланган. Орттирган мол-дунёсидан кўп хайр-эҳсон бериб, халқ орасида обрў-эътибор қозонган. У фиқҳ ва тарих илмини пухта эгаллаган.
— XI асрда Кармана қадимий Буюк ипак йўлидаги энг гуллаб-яшнаган, ривожланган шаҳарлардан бўлган, — дейди тарихчи Рамазон Эгамов. — Мирсаид Баҳром даврида бу ҳудудда карвонсарой ҳам қурилган. Ҳудуднинг ҳар томонлама ривожланиши ва халқ фаровонлигида унинг хизмати беқиёс бўлган. Шу боис, унинг вафотидан кейин бу ерда ҳашаматли мақбара қурилган. Неча асрдан буён ёдгорлик бир неча марта таъмирланди. Ҳозир бу ерда зиёрат туризми учун барча шароит мавжуд.
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган тарихий ёдгорликлардан яна бири Кармана тумани Ҳазора қишлоғидаги Мавлоно Ориф Деггароний жоме масжидидир. Илмий хулосаларга кўра, ушбу мажмуа Марказий Осиёдаги энг қадимий масжид бўлиб, ХІ асрда бунёд этилган.
Масжид Деггарон қишлоғи ҳудудида бўлгани учун шу ном билан аталган. “Деггарон” сўзи “қозон ясовчи” маъносини билдиради. Бунга сабаб қишлоқда қозон ясовчи ҳунармандлар истиқомат қилган. 1910 йили Бухоро амири Абдулаҳадхон масжиднинг олди ва бир ёнига айвон қурдирган. Бу айвонлар 1980-йилларгача мавжуд бўлган.
Мавлоно Ориф Деггароний 1313 йилда Ҳазора қишлоғининг Деггарон даҳасида туғилган. Асл касби дўкондор бўлиб, бўз тўқиш билан шуғулланган. У Саид Амир Кулолнинг энг яқин шогирдларидан бўлиб, аллома, атоқли тарбиячи, нақшбандия тариқати ривожига муҳим ҳисса қўшган зот эди.
Мавлоно Ориф XIV асрда — тахминан 1313-1380 йилларда яшаб ўтган. Қабри шу ерда бўлгани учун масжид ҳам Мавлоно Ориф Деггароний деб аталган. Айни вақтда ушбу масжид ва атрофи катта зиёратгоҳ ҳамда кўркам манзилга айлантирилган.
Карманадаги қадимий карвон йўли бўйида Работи Малик карвонсаройи жойлашган. XI асрга оид сарой қолдиқлари — омон қолган пештоқларга маҳаллий аҳоли “Бухоро дарвозалари” деб ном берган. Карвонсарой ХI асрнинг 70-йилларида қорахонийлар сулоласидан бўлган Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим томонидан қурилган. ХII асрнинг биринчи чорагида қорахонийлар сулоласининг яна бир вакили Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон томонидан таъмирланган. Археологик тадқиқотлар пайтида бу ноёб бинонинг мураккаб тузилиши аниқланган. У мустаҳкам деворлар билан ўралган ва икки қисмга бўлинган.
Ушбу маскан XI-XII асрларда қорахонийлар сулоласидан бўлган туркий ҳукмдорларнинг чўлдаги мустаҳкам қароргоҳи вазифасини ўтаган. XIII асрдан бошлаб XVIII аср бошларига қадар Работи Малик савдо карвонлари учун карвонсарой вазифасини ўтаган. Қароргоҳда яшаш хонаси, ошхона, ҳаммом, масжид ва отхоналар мавжуд бўлган.
Бугун карвонсаройларнинг сақланиб қолган харобаси ва кириш пештоқинигина кўриш мумкин. Карвонсарой биринчи марта XIX асрнинг ўрталарида тилга олина бошлади. Унинг ташқи кўриниши саёҳатчиларнинг суратларига асосан, шунингдек, ўтган аср археологик қазишмалари натижаларига кўра, табиатшунос A.Леманнинг ёдгорлик эскизи асосида қайта тикланган. Бу тарихий ёдгорлик Самарқанд ва Бухорони боғловчи йўлда, яъни туризм ҳалқасида жойлашгани сабабли сайёҳларнинг қадами узилмайди.
Работи Малик карвонсаройи яқинида диаметри 13 метр келадиган гумбаз остида сув таъминотига хизмат қилган сардоба ҳовузи жойлашган. Олимларнинг таъбири билан айтганда, “ер ости кўза”сининг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган. Унда муздай тоза сув бутун ёз бўйи сақланган. Сардоба карвонсарой каби ёлғиз йўловчилар учун ҳам, бутун бошли карвонлар учун ҳам қўналға вазифасини ўтаган.
Бу иншоот сув танқис ерлардаги махсус ҳовуз бўлиб, гумбаз шаклида қурилган. Пишган ғишт ва гил тупроқдан ишланган сардобага кириш учун эшик ҳам ўрнатилган. Қадимда сардобадан сув ичиш учун барча йўловчи ва карвонлар тўхтаб ўтган. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган мазкур ёдгорлик ҳамиша сайёҳлар билан гавжум.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири