Одатда ишком деганда, кўз ўнгимизда токларни кўтариб ўстириш учун поя ва бағазлардан қурилган арксимон сўри, улардаги худди юлдузлардек жило таратиб турган узум шодалари намоён бўлади. Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов Олтиариқ ишкомлари ҳақида тўлқинланиб шундай сатрларни ёзган эди.

Тоқи ишком мисли осмон,

Ҳар тараф юлдуз сочур.

Воҳ ажаб, бу не синоат,

Ер узум, осмон узум…

Бугун Булоқбошида бўлсангиз ҳам ана шу туйғулар кўнглингизга кўчади. Кенг кўчаларнинг икки томонидан кўтарилган, уйлар олдини эгаллаган ишкомлар унга эртакмонанд манзара бахш этган. Мабодо бу ерга хорижлик меҳмон ташриф буюриб қолса, ўзини худди тарихчилар ҳайрат билан ифодалаган Бобилнинг қадимий “осма боғлар”да юргандай ҳис этса ажаб эмас.

Ишкомлар бир-бирига туташиб кетган ва икки тарафдан кўтарилган новдалари билан кўчаларни тоборо қоплаб боряпти. Унинг остидан юриб борар экансиз, баҳри-дилингиз очилади, кайфиятингиз кўтарилади.

Айни шундай кезда давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 18 июнь куни Андижон вилояти фаоллари билан ўтказилган йиғилишда билдирган ушбу фикрлари келади.

“Олтиариқда деҳқончилик ривожланган деб кўп гапирамиз. Мана кеча кўрдик, Булоқбоши туманида йўл ёқасида қандай ишкомлар қилинган... Андижонда ҳам ўз ишининг устаси бўлган миришкорлар кўп.”

Ҳақиқатан шундай, Булоқбошиликларнинг ердан оқилона фойдаланиш ва ишком услубида узум етиштириш тажрибаси ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

— Туманимизда яратилган узумчилик тажрибасини бошлашимизда Президентимизнинг ҳокимлар, сектор раҳбарларига “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича берган топшириғи асос бўлди, —дейди Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек МАЪМУРОВ. — Чунки ҳудудимизда, айниқса, туман марказидаги “Буюк Турон”, “Уч кўча” маҳаллаларида одамлар азалдан узумчилик билан шуғулланган бўлса-да, ягона тизим йўлга қўйилмаган эди. Хонадонма-хонадон юриб, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш асносида кишилар узумчиликни ривожлантириш бўйича ўзларининг таклифларини айтишди. Оқсоқоллар, тажрибали деҳқонлар билан суҳбатлашганимизда, агар арзон кредитлар берилса, шу жойларда узумчиликни янада ривожлантириш, даромадларни ошириш мумкинлигини айтишди.

Жорий йил 24 февраль куни Президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбарига булоқбошиликларнинг истакларини етказдим. Улар бу таклифни маъқуллаб, қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа, янги тажрибага илк пойдевор қўйилди.

Вилоятдаги “Микрокредитбанк” томонидан 511 та хонадонга 2 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳозирги кунда 9 та маҳалладаги 21 та хонадонда 8,5 километр масофада кўча ишкомлари яратилди. Салкам 100 километр жойда янги боғ барпо этилди. Натижада 1 гектардан ўртача 20 тоннагача узум олса бўлади. Бемалол айтиш мумкинки, 8,5 километрда минг тоннадан ортиқ экспортбоп маҳсулот етиштириляпти. Булоқбошиликлар авваллари йилига 5 минг тоннагача ҳосил олган бўлса, янги боғлар ҳисобига яна 2 минг тонна ҳосил қўшилади.

Бу ерда узумчилик даромадли соҳага айланган. Битта хонадон узумчиликдан шу кунгачяа 10-12 миллион сўм даромад олган бўлса, кўча ишкомлари ҳисобига фойда 1,5-2 баробарга ошяпти. Бу 30 фоиздан кўпроқ миқдорда ҳосилга ҳосил қўшиляпти дегани. Ҳатто, миришкорларимиз 3 йил берилган имтиёзли кредитларни жорий йилнинг ўзида ёпишни мақсад қилган. Энг муҳими, Президентимизнинг “халқимиз бойисин, меҳнати ортидан даромад топсин” деган юксак мақсадлари Булоқбоши туманида ҳам амалга ошмоқда.

Очиғи, туманда кам таъминланган аҳолини ишли қилиш жараёнлари бошланган илк даврда одамларга зотдор товуқлар, чорва моллари ҳам тарқатиб кўрдик. Аммо узумчиликдаги каби самара бермади. Чунки бу ерликлар ота-боболаридан соҳибкорлик касбининг ҳадисини олган. Ҳудудда 2 та “Томорқа хизмати” МЧЖ ҳам ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари доим илм-фан ва ишлаб чиқаришни ёнма-ён олиб боришни таъкидлайди. Ана шуни ўз фаолиятида қўллаётган тадбиркорлар ҳам туманда кўпайиб бормоқда. Узум ҳосилининг ортиб бориши натижасида майиз тайёрлаш билан шуғулланадиган ишбилармонлар пайдо бўлди. Авваллари Булоқбошида ҳеч ким майиз ишлаб чиқармаган. Узум пишганда 3-6 минг сўмдан сотилса, майиз ҳолатига келганидан кейин 60 минг сўмдан даромад олиш имкони пайдо бўлади. Тадбиркорлар майизларни хориж давлатларига экспорт қилмоқда.

— Булоқбошимизда ҳар бир хонадонда узум бор. Биз ҳам оилавий узумчилик билан шуғулланамиз, — дейди Аваз Тешабоев. —Бу отамиздан мерос қолган касб. У киши ҳовлимиздаги узумларни парвариш қилиб, олган даромадидан бизларни уй-жойлик қилди. Бизнинг ҳам асосий даромад манбаимиз шундан.

Яхши ҳосил олиш учун меҳнат қилиш ва ишга меҳр бериш керак. Бу йилги ҳосил ҳар йилгидан ҳам яхши бўлди. Даромад ҳам шунга яраша. Ўтган йили салкам 40 миллион сўм даромад қилдик. Бу йилги режамиз ундан ҳам ортиқроқ.

Ҳовлимизда узумнинг кетмонсопи, қизил узум, келинбармоқ, оқ пар навлари бор. Хорижда бу навларга талаб яхши бўлгани боис, экспорт қиламиз.

Бугун Булоқбошидаги узумчилик тажрибасини қўшни туман, вилоятлардан келиб, ҳавас билан ўрганишяпти. Биз уларга йўл-йўриқ кўрсатиш, парвалишлаш ишларини ўргатиш учун миришкор узумчиларни бириктириб беришга доим тайёрмиз. Ахир, меҳнат қилган инсон кам бўлмайди.

Яна бир тарафи, ишкомларда етилган узумлар кўпроқ ҳосил беради. Сабаби, баланд ва ҳосилли новдалари кўп бўлади, орасидан шамол ўтиб туради, меваси қуёш нуридан етарлича баҳраманд бўлади. Лекин бунинг учун олдин хомток қилинади. Бу ишни ёз чилласи ўтиб, кунлар бироз салқинлашгандан сўнг амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Негаки, узумлар маромида пишиб-етилишга улгуриши керак.

Кейинги пайтда ҳар бир ҳудуди имконият ва шароитдан келиб чиққан ҳолда алоҳида йўналишга ихтисослашиб бораяпти. Андижонда ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманлари картошка етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлса, Асака, Хўжаободда боғдорчилик, Андижонда гулчилик, Булоқбоши туманида эса, саримсоқпиёз парваришлаш ривожланиб боряпти. Ўтган йил кузида “Саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси” нинг айнан шу туманда ташкил этилгани ҳам мақсаднинг нечоғлик устуворлигидан далолат беради.

Айни пайтда туманда 600 гектар майдонда саримсоқпиёз экини парваришланмоқда. Деҳқонлар ва томорқа эгаларининг саъй-ҳаракати билан 2021 йилда ҳар гектар ердан 20 тоннадан ва жами 4 миллион тонна ҳосил йиғиш режалаштирилган. Амалдаги лойиҳалар ўз самарасини бергач, бу кўрсаткич 2022 йилда 4,3 миллион тоннага етказилади. Табиийки, унинг асосий қисмини экспортга йўллашмўлжалланган.

Тумандаги "Нектар агро" МЧЖ да 2,5 гектар майдонда гидропоника усулида иссиқхона ташкил этилган. Бу ерда 200 тонна помидор, 100 тонна бодринг етиштирилиши кутилмоқда. Маҳсулотнинг қарийб 75 фоизи қўшни давлатларга сотиляпти.

Табиийки, бундай янгича ишлаш ва изланишлардан биринчи навбатда, оддий аҳоли манфаат кўряпти. Оилавий даромадга даромад қўшяиши, турмуши яхшиланиши, иш билан бандлик даражаси ортиши баробарида қишлоғу хонадонларга файзу барака кириб келяпти. Ободлик ва фаровонликни булоқбошиликларнинг ўзлари яратяпти.

Ғайратбек СИРОЖИДДИНОВ,

Абдурауф НУРУЛЛАЕВ