Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда Кадастр агентлигининг ахборотини тингладилар. Ҳисоботда келтириб ўтилганидек, Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган топшириқларнинг ижросини таъминлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларининг аниқ ҳисоби юритилишини ва янгиланиб борилишини таъминлаш, ҳар бир дала контури кесимида маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида 2019 йилдан ҳисобот даврига қадар Қашқадарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 28 372,2 кв.км. майдонда аэрофотосъёмка ишлари бажарилган. Жорий йил якунига қадар қолган барча ҳудудларда аэрофотосъёмка ишларини бажариш режалаштирилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларининг аниқ ҳисоби юритилишини ва янгилаб борилишини таъминлаш, ҳар бир дала контури кесимида маълумотлар базасини шакллантириш бўйича 2021 йил 1 январь ҳолатига 63 та туманда хатлов ишлари якунланиб, электрон хариталари тузилган. Йил якунига қадар эса қолган барча туманларда хатлов ишлари тугатилиб ягона электрон геопорталда жойлаштирилади.
Эшитувда депутатлар ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер ресурсларини бошқариш соҳасида олиб борилаётган ишлар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.
Қайд этилишича, давлат ер кадастрини юритишда кўп мақсадли ер маълумотларининг автоматлаштирилган ягона тизими (Ергеопортал)ни яратиш мақсадида Корея Республикаси халқаро «КОICA» жамғармасининг грант маблағлари доирасида инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида “2020-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Корея республикаси халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) ўртасида ўзаро англашув меморандуми” имзоланган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш ва Давлат ер кадастрини юритишда кўп мақсадли ер маълумотларининг автоматлаштирилган ягона тизими (Ергеопортал)ни яратиш мақсадида Корея Республикаси халқаро «КОICA» жамғармасининг грант маблағлари доирасида инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этилган.
Лойиҳа юзасидан «КОICA» бош офиси томонидан тузилган мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ 2019 йил 27 ноябрь – 6 декабрь кунлари мамлакатимизда бўлиб, “Корея Республикаси тажрибаси асосида кўп мақсадли ер маълумотлар базасини яратиш ва техник қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш ва техник иқтисодий салоҳиятини аниқлаш бўйича тадқиқотлар олиб борган.
Лойиҳани ўрганиш ишларида собиқ “Давергеодезкадастр” қўмитасининг “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий лойиҳалаш институти (лойиҳанинг асосий ижрочиси) ва унинг “Бухвилерлойиҳа” бўлинмаси, Бухоро вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги мутахассислари иштирок этиб, ер ресурсларини бошқариш соҳасида олиб борилаётган ишлар, бошқарув тизими, лойиҳани амалга ошириш учун инфратузилмалар ўрганилган.
Йиғилишда халқ ноиблари сўнгги йилларда суғориладиган майдонларнинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш мақсадида давлат дастурлари доирасида ҳаётга татбиқ этилаётган ишлар билан ҳам қизиқдилар.
Қайд этилдики, сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш жойларида сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан босқичма-босқич жиҳозланишини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги “Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сувни етказиб бериш бўйича харажатларни қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан 2021 йилда жами 353,1 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни, жумладан 318,4 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш суғориш, 30,5 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва 4,2 минг гектар майдонда дискрет суғориш тизимини жорий қилиш бўйича қурувчи пудрат корхоналари билан шартномалар расмийлаштирилган.
Мазкур шартномаларга асосан бугунги кунда 183,8 минг гектар майдон молиялаштирилган бўлиб, қурувчи-пудрат корхоналари томонидан 185,4 минг гектар майдонда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, томчилатиб суғориш бўйича 3 860 та фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларининг 177,6 минг гектар майдони 3,37 трлн. сўм, шундан 3 765 та пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг 152,3 минг гектар майдони 2,85 трлн. сўм маблағ доирасида молиялаштирилган.
Ёмғирлатиб суғориш бўйича 46 та фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларининг 6,1 минг гектар майдони 64,7 млрд. сўм ёки расмийлаштирилган шартномаларга нисбатан 20 фоиз майдонлар молиялаштирилган бўлиб, бугунги кунда 245 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг 7,4 минг гектар майдонида 260 та сув тиндиргич ҳовуз қазилиб, технологияни қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.