"Самарқанд шаҳрида яшовчи бу қизимиз ва унинг фарзандлари вилоят ҳокимлиги ва бошқармамиз ҳимоясига олиниб, унга зарур тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Оиладаги вазиятни ўргандик, Мустаҳкам фикрларини эшитдик, у билан деярли ҳар куни суҳбатлашяпмиз. Ҳозирда бу оилани сақлаб қолиш ёки уларни яраштириш ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Чунки, мавжуд вазият бунга имкон бермайди.

Аксинча, вилоят ҳокимлиги унга икки хонали уй ажратмоқчи. Саломатлиги яхшиланганидан кейин Мустаҳкамни иш билан таъминлаш чорасини кўрамиз. Умуман, бу қизимизни энди ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз. Куни кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маъруфова ҳам унинг ҳолидан хабар олиб, суҳбатлашди. Мустаҳкам ҳимояга олиниб, унга қандай ёрам зарур бўлса, кўрсатилиши маълум қилинди", дейди С.Жумаева.

Брифингда Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи Дамир Султонов ҳам мазкур ҳолат юзасидан маълумот бериб, хотинига нисбатан зўравонлик қилган Ш.Каримовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.

"22 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу ҳолатдан бугун кўпчилик яхши хабардор. Хотинига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган Ш.Каримов 24 август куни ушланиб, суд қарори билан тегишли тартибда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда бу шахс қамоқдан қўйиб юборилибди, эр-хотинни яраштириш чораси кўриляпти экан, деган гап сўзлар тарқалмоқда. Аммо бу гаплар асоссиз. Ш.Каримовга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган. Жиноят-процесуал кодекси талабларига кўра, ушбу жиноят ишини яраштириш билан тугатиш имконсиз.

Бундан ташқари, жиноят иши қўзғатишга асос бўлган Жиноят кодекси моддалари бўйича ҳам турли фикрлар билдирилмоқда. Бу фикрларга жавобан шуни айтмоқчиманки, биз жиноят ишини дастлабки тўпланган терговолди ҳужжатларига асосан 105-модда билан қўзғатганмиз. Ҳозирда жабрланувчи ва гумон қилинувчини, гувоҳларни сўроқ қиляпмиз.

Экспертиза хулосалари олинган. Барча кўрсатма ва важлар текширилмоқда. Иш бўйича аниқланган ҳолатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмайди ва бу жиноят ишига қўшиб борилади. Айни пайтда иш тергов жараёнида бўлгани, тергов сири деган тушунчалар борлиги сабабли барча ҳолатларни ошкор эта олмаймиз", деди Д.Султонов.