Бундан аввал Тоқаев Ерлан Карин номзодини Қозоғистон вице-президенти лавозимига таклиф қилган эди. Қурултой депутатлари унинг номзодини кўпчилик овоз билан қўллаб-қувватлади.
Вице-президент институти Қозоғистоннинг янги Конституцияси билан жорий этилган. Мамлакатда 15 март куни ўтказилган умумреспублика референдумида янги Конституция қабул қилинган ва у 1 июлдан кучга кирган.
Янги Асосий қонунга мувофиқ, Сенат тугатилиб, бир палатали Қурултой ташкил этилди. Шунингдек, давлат бошқаруви тизимида вице-президент лавозими жорий қилинди.
Ерлан Карин 1976 йилда Туркистон вилоятининг Сайрам туманида туғилган. У тарих ва сиёсатшунослик соҳаларида таълим олган, сиёсий фанлар номзоди ҳисобланади.
У турли йилларда Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори, «Қозоғистон» миллий телерадиокорпорацияси раҳбари, Президент маслаҳатчиси, Президент ёрдамчиси, Давлат котиби ва Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.
2026 йил 30 июнда Ерлан Карин Қозоғистон Президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.