5 июнь, якшанба куни Қозоғистон фуқаролари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қарор қабул қилади. Соат 00:00 дан бошлаб республика референдуми учун сайловолди ташвиқоти тақиқланди. Яъни, жимлик куни бошланди, деб хабар беради Kazinform.

— Референдум орқали одамларга имконият берилади. Яъни, Асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш халқнинг қўлида. Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, мустақилликка эришганимиздан кейинги 30 йил ичида референдум фақат бир марта ўтказилган. Илгари Конституцияга ўзгартиришлар фақат парламент доирасида киритилар эди. Ҳозирда Президент Конституциянинг 33 та моддасига ўзгартириш киритишни халқнинг ихтиёрига қолдирмоқда. Халқ ўз тақдирини ўзи белгилайди. Масалан, Швейцарияда йилига эмас, ҳар ойда 1-2 марта референдум ўтказилади. Демак, давлат ҳар қандай масалада халқ билан маслаҳатлашади. Бизда эса 27 йил ичида биринчи марта ўтказилмоқда, — деган  Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси экспертлар кенгаши аъзоси Абзал Бекбосинов Kazinform мухбири билан суҳбатда.

Қозоғистон парламенти вакиллари мамлакат Конституциясига таклиф этилаётган ўзгартишлар ва бўлажак референдум нафақат мамлакатнинг сиёсий тизимини, балки бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратишини таъкидламоқда.

— Конституциявий ислоҳот ҳокимият монополиясидан қочиш ва сиёсий рақобатни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу ташаббусларнинг барчаси Қозоғистонни демократик, ҳуқуқий, адолатли ва ижтимоий давлат сифатида мустаҳкамлашга қаратилган. Маълумки, бу борадаги ишлар Конституцияга киритилган ўзгартиришлар билан тўхтаб қолмайди. Биз сиёсий тизимимизни ислоҳ қилишни давом эттирамиз, — деган Парламент Сенати раиси Маулен Ашимбаев.