Тақдимот давомида иқтидорли ёшлар ўзларининг инновацион ғоялари, муҳандислик ишланмалари ва илмий ташаббусларини намойиш этди.

Жумладан, Иброҳимов Нўмонжон «Келажак муҳандислари» халқаро фестивали натижалари ҳамда мамлакатда муҳандислик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Исмоилов Билолиддин 2024–2025 йилларда FPV дронлар пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпиони сифатида «Шунқор-8» ва «Х1» антидрон тизимларини яратиш ва такомиллаштириш ишларидаги иштирокини тақдим қилди.

Курмаева Диёра олий таълим муассасаларида «Фудомика ва метаболомика» таълим йўналиши ҳамда махсус лабораторияни тажриба тариқасида ташкил этиш бўйича ўз таклифини илгари сурди.

«Келажак муҳандислари» халқаро фестивалининг «Янги авлод автомобиллари» йўналиши ғолиби бўлган Асанова Айзада эса Белгияда ўтказиладиган халқаро танлов йўлланмасини қўлга киритган.

Тадбирнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бири Асанова Айзаданинг Президент совғаси — Volkswagen электромобили билан тақдирланиши бўлди.

Мазкур эътироф мамлакатда ёш ихтирочилар, инновация ташаббускорлари ва келажак муҳандисларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.