Тобора интенсив ривожланиб бораётган мамлакатимиз ҳаёти ўз тараққиётининг ҳар томонлама мувозанатли бўлиши учун жиддий қадамларни қўймоқда. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳондаги имижини ошириш ва ички сиёсатини ҳам юргизиш мутахасиссларга ҳар замондагидан ҳам масъулиятли вазифаларни юклаяпти. Аслида жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч айнан сифатли таълим кўрган, малакали мутахассис сифатида шаклланган кадрлар саналади.
Қатор ривожланган давлатларда инсон ресурсларини шакллантиришдан тортиб, уларга чуқур билим бериш, амалий малакаларини ошириш, муносиб меҳнат шароитларини яратишгача бўлган жараёнларга етарлича капитал сарфланади. Шунинг учун ҳам рақобатли бугунги муносабатларда ҳар бир шахс жамиятда ўз ўрнини муносиб эгаллашга ҳаракат қилиши талаб этилмоқда. Бунинг самарали ечимларини топишга тизимли ҳаракатлар ҳам бошланган.
Жорий йилда мамлакат миқёсидаги энг долзарб вазифалар бир мақсад доирасида бирлашгани барчамизни ўзимиздан бошлаб ўзгаришга чорламоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”деб номлаб беришлари бежизга эмас. Ҳар томонлама ўйланган ва жамиятнинг ҳар бир аъзосига оид вазифаларни юклайдиган бу масъулиятли йил айнан инсон капиталига бўлган эътиборни кучайтиришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятга молик. Бу эса, энг аввало, ижтимоий давлат деган тушунча билан ҳамоҳангликни кўз олдимизга келтиради. Асосий қонунимизда мустаҳкамланиб қўйилиши кўзда тутилган бу тушунча келгуси йилларда жамиятда инсоннинг қадрини кўтаришга йўналтирилган сиёсат билан бевосита боғлиқлигини эслашнинг ўзи кифоя.
Таъкидланаётган инсон капитали ва ижтимоий давлат тушунчалари бугунги кунда энг асосий трендга айланаётгани жамият учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга таълим тизимида ҳам кўплаб ислоҳотларни амалга оширишни талаб этади. Мактабгача таълим болаларимизнинг жамиятга мослашуви билан шуғулланса, мактаб таълими мустаҳкам билимлар фундаментини барпо этиши, олий таълим тизими эса ҳамма соҳаларни ривожлантиришга кучи ва малакаси етадиган ёшларни тарбиялаш ишини ислоҳ қилиши заруриятга айланди. Бунинг учун эса таълим тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, ҳар томонлама янгилаш орқали сифатни ошириш, илғор ғояларни олиб кириш орқали натижани оширишга йўналтирилган ишларни амалга оширмоғимиз зарур.
Президентимиз Мурожаатномада айтганидек: “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!” Барча саъй-ҳаракатларимиз айнан мана шу ғоя атрофида амалга оширилиши заруратини бугунги зиддиятли, масъулиятли замон кўрсатиб турибди. Қайси бир соҳага қарамайлик, илғор фикрловчи ва айниқса фидойи мутахассисларга эҳтиёжнинг кундан кунга ортиб бораётганини кўрамиз. Мурожаатномада таълим тизимининг ҳар бир бўғини учун алоҳида вазифаларнинг энг муҳимлари белгилаб берилди.
Шу ўринда олий таълим босқичидаги вазифалар хусусида тўхталмоқчиман. Биламизки, бу жабҳада икки иштирокчи – педагоглар ва талабалар тизимнинг бош ҳаракатлантируви кучи ҳисобланади. Ҳозирда айнан уларнинг ёндашувларини ўзгартириш, янгилаш тақозо этилмоқда. Албатта, бу жараёнда бошқарув маъмуриятининг ҳам ўрни алоҳида.
Олий таълимнинг мажозий маънодаги икки қаноти бор. Бири таълим бўлса, иккинчиси илм-фан ҳисобланади. Бу аксиомага айланган ҳақиқат. Аммо уларнинг талаб даражасида бўлиши йўлларини муттасил излаш, қандай воситалардан фойдаланиш кераклиги устида бош қотириш лозим. Бугунги кун талаблари шуни кўрсатмоқдаки, олий таълимнинг бу қанотларини кучга келтирадиган яна икки муҳим восита мавжуд. Улардан бири тарбия, иккинчиси янгиликка интилиш – инновациядир. Кўплаб ривожланган мамлакатларнинг олий таълим тизимида айнан мана шу икки жиҳатга алоҳида эътибор сабабли олий таълим тизими ўз олдига белгилаган мақсадларига эришиб келмоқда. Бу нималарда акс этади?
Ўқитувчидан ҳамма билимларни ўргатишини талаб қилиш тўғрими?
Дастлаб, талабаларнинг ўқишга муносабатини ўзгартириш зарур. Бу аввало, олий таълим муассасасини танлашдан бошланади. Зеро, мақсадли танлов – ишнинг ярим натижаси дегани. Университетда баҳо учун эмас, билим олиш учун ўқиш, бу– иккинчи талаб. Ўқитувчидан ҳамма билимларни айтиб беришни, ўргатишни талаб қилишга бўлган ёндашувни ўзгартириши зарур. Чунки мактабда алоҳида чегараланган доирадаги стандарт асосидаги билимларни олиб ўрганган эндиги талаба янги босқичда бу қарашини ўзгартириши лозим. Олий таълим муассасалари бир қолипга солинган ягона дарсликдан эмас, балки илм-фанга йўналтирилган соҳасига оид илмий ресурслар базаларидан фойдаланишни ўрганиши керак. Талаба материалларни таҳлил қила олиши ва ўзи мустақил билим олишга интилиши, бу билан муттасил шуғулланиши зарур. Бу аналитик қобилиятларни юзага чиқаради, ривожлантиради. Ҳолбуки, ҳар бир соҳада бу муҳим жиҳат. Талаба талабчан бўлиши жоиз. Ўзига, дўстларига ва ўқитувчига нисбатан ҳам. Лоқайдлик, ўз келажагига ишончсизликни келтириб чиқаради. Хорижий тилларни жиддий ўрганиш муҳим. Чунки, шоиримиз Аваз Ўтар айтганидек, “тил воситаи, робитаи оламиёндир”, яъниким, тил билмоқ – жаҳонга йўл очмоқ, дунё эшиклари калитларига эга бўлмоқ. Еттинчидан, бадиий китобларни кўпроқ ўқиган талаба ҳар томонлама камол топиши – дунёқараши ортиши, тил билими кенгайиши, бадиий нутқ ифодаларини ўзлаштириши ва фойдаланиши, эстетик тафаккури кенгайишига эриша олади.
Дунё чархпалаги тезлашмоқда
Хўш, профессор-ўқитувчиларга нисбатан қандай ислоҳотларни амалга оширмоғимиз зарур? Албатта, сифатли таълимга эришиш ҳар биримиздан ўзига хос талабни бажаришимизни тақозо этади. Аввало, югурук замонда ўз вақтимиз ва талабалар вақтини қадрлаш, шунга ўргатиш керак. Ўз устимизда мунтазам ишлашимиз, янгиланиб бораётган илм-фан ресурслар базаларидаги янгиликлардан мунтазам бохабар бўлишимиз муҳимдир. Дунё чархпалаги тезлашиб бораётган айни даврда хорижий тил ва замонавий ахборот технологияларидан эркин фойдалана олиш талаб этилади. Бу нафақат ресурслардан самаралари фойдаланиш, балки ўзи илмий тадқиқот натижалари билан ҳам ўртоқлашиш, хорижий ҳамкасблар билан мунтазам илмий мулоқотда бўлиш учун асосий воситалардан бири ҳисобланади. Қолаверса, ривожланган мамлакатларнинг олий таълим даргоҳларида ишлаш учун илмий даражага эга бўлиш энг зарурий талаб. Афсуски, бизда бу мажбурий талаб бўлмаган, шу туфайли барча ўқитувчиларимиз ҳам илмий даража олган эмас. Ҳозирги кунда олий таълимга эътибор кучайгани, ойлик маошларнинг ортгани, имкониятлар кенгайгани бу ишга киришишда мотивация бўляпти. Докторантурага қабул квоталарининг кескин ортгани ҳам айнан мана шу вазифаларни ўз муддатида бажариш учун асос бўлмоқда.
Ёшларга ўрнак бўлиш учун ўзига талабчан бўлиши, талаба билан бўлажак мутахассис, ҳамкасб сифатида муҳокамага киришишга замин яратиши зарур. Эркин фикрловчи ва мулоқотда соҳа эгаси бўлишга интилаётган ёшларни тўғри йўналтириши, мотивация бериши ва фикрларини тинглаши, муносабат билдириши, эксперт сифатида баҳолаши керак. Олтинчидан, профессор-ўқитувчи энг катта мотиватор бўлиши ўта муҳим. Чунки у соҳа эгаси – яхши мутахассис, шунингдек, ўзида намуна кўрсатувчи Устоз, келажакка ишонч руҳини тарбияловчи инсон.
Бугунги кунда хорижий илмий ресурслар базаларига кирган илмий журналларда мақолалар чоп этиш, уларга халқаро иқтибосликни ошириш профессор-ўқитувчиларнинг долзарб вазифаси бўлиб турибди. Чунки жаҳондаги университетларнинг баҳоси ҳам айнан улардаги илмий фаолият кўрсаткичлари билан белгиланади. Биз ҳам бунга етиб келдик. Энди ўқитувчиларимизга айнан бу талабларни кундалик эҳтиёжга айлантиришимиз, уларга ҳам мотивация беришимиз лозим.
Бу талаблар бугунги кунда таълим жараёниниг сифатли бўлишида ниҳоятда муҳимдир. Чунки олий таълимда таълим ва илмни ажратиб бўлмайди, олимларнинг интеллектуал мулкларини таълим жараёнига жорий этиш, амалаётга татбиқ этиш орқали замон талабига мос мутахассис яралади. Акс ҳолда яратилган илм натижаси қоғоздагина қолиб, бефойда нарсага айланиб қолиши мумкин.
Дунё билан ҳамқадам бўлиб
Айни кезда таълим билан боғлиқ бошқарувчилар, маъмурият олдидаги вазифалар ҳам долзарб эканлигини ҳам қайд этиш ўринли. Олий таълим муассасасини замонга мос ҳаракатга келтиришда маъмуриятнинг ҳам олдида жиддий вазифалар мавжуд. Бу вазифалар энг аввало, айнан йил номи билан ҳамоҳанг тарзда инсонга эътиборни кучайтириш билан боғлиқ. Талаба ёшларга эътиборни кучайтириш – уларга таълим олиш, илм билан шуғулланишлари учун тегишли шароитларни яратишга замонавий инфрастурктурасиз эришиб бўлмайди. Талабаларнинг тарбияси учун муҳим ишларни амалга ошириш, уларни бадиий адабиётлар билан таъминлашга кўп эътибор қаратиш керакки, китобларгина бизни жаҳолатдан қутқара олади. Китоб сўнгги пайтларда бизларни қийнаётган оломон маданиятга эргашувларнинг олдини олади, ҳаётга ва дунёга онгли баҳо беришга ўргатади.
Ёшлардан Ватанга, юртга, соҳага, университетига фидойи бўлишни талаб қилиш учун ўзимиз – маъмурият масъуллари ҳам фидойи бўлиб, буни амалда ўрнак қилиб кўрсата олишимиз керак. Акс ҳолда, ишонч йўқолади ва талабалар фидойиликни баландпарвоз гапдек қабул қилади.
Университетга таълим ва илмий тадқиқот жараёнларини етарлича илғор тажрибаларни олиб киришимиз керак. Бунда талабаларни ҳам, ўқитувчиларни ҳам соҳа ривожланган мамлакатларга, университет ва илмий марказларга стажировкаларга юборишни ташкил қилишимиз, дунё кўришларига ва дунёқарашлари кенгайишига имкон беришимиз зарур. Шунингдек, таълим жараёнига кучли методикага эга хорижий мутахассис профессорларни жалб этиш имкониятларини топишимиз, уларни таклиф этишимиз нафақат ўқув жараёнига таъсир этади, балки профессор-ўқитувчиларимиз учун ҳам фикрлашиш, ўрганиш шароитини ҳосил қилади.
Бир вақтнинг ўзида иккита университет дипломи
Хўш, айтиб ўтилган вазифалар ижроси йўлида Тошкент давлат шарқшунослик университетининг бошлаган ишлари нималардан иборат ва янги режалари қандай?
Аввало, таълим жараёнини бойитиш, кенгайтириш асосида янги таълим йўналишлари ва мутахасиссликларнинг очиш бўйича замон талабларига хос тарзда қуйидаги таълим йўналишлар очилди. Миллийликнинг йўқола бориш хавфи кучайган бир пайтда Шарқ мамлакатлари тарихи, миллий қадриятларию менталитетини, бугунги кунини ўрганишга қаратилган “Антропология ва этнология” йўналиши очилиб, хорижий шарқ тиллари, асл манбалар асосида бу соҳа бўйича кадрларни тайёрлаш ишига киришилди. Бакалавр, магистратура ва докторантура узвийлиги ва узлуксизлигида антропология, этнология, этнография соҳаларига эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, магистратурада шарқ фалсафасида алоҳида аҳамиятга эга энг катта таълимот – тасаввуф манбашунослиги ва герменевтикаси нуқтаи назардан тадқиқ эта оладиган кадрлар тайёрлаш ҳам янги мутахассислик доирасида йўлга қўйилди.
Ўз навбатида, Президентимиз Мурожаатномасидаги “Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир”, деган фикрларини эслатмоқчиман. Демак, бизда тобора мураккаблашиб бораётган халқаро муносабатларни тўғри баҳолай оладиган, Ватанимиз манфаатларини жаҳон майдонида ҳар томонлама ҳимоя қила оладиган халқаро сиёсатшуносларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Шу сабабли ҳам “Халқаро муносабатлар” йўналишида кадрлар тайёрлаш ишига алоҳида таълим йўналиши сифатида киришилди. Охирги йилларда сиёсатшунослик, жаҳон сиёсати каби йўналишлардан фарқланувчи бу йўналишга алоҳида урғу қаратилмоқда. Бундан ташқари Шарқ халқлари тилларини мукаммал биладиган, улар журналистикасини ўрганиб, илғор тажрибаларини мамлакатимизда жорий этишга кучи етадиган мутахассисларни етказиб бериш мақсадида “Халқаро журналистика” йўналишининг очилгани ҳам аҳамиятга молик.
Мамлакатимиз тараққиёти учун ташқи иқтисодий фаолиятни кенгайтириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Бу борада “Ташқи иқтисодий фаолият”, шунингдек, ташқи инвестицияларни жалб этишда муҳим бўлган “Туризм” йўналишларида кадрлар тайёрлана бошлагани шарқшунослик бўйича қатор янги йўналишлар бўй кўрсатаётганини намоён этмоқда.
Айниқса, фанлар ва соҳалараро интеграцияни кучайтириш, мультидисциплинар соҳалар дунёда талабгир бўлаётгани боис бу йўналишда ҳам янгиликлар қилишимиз лозим бўлади. Академик мустақиллик берилган университет сифатида Корея, Туркия, Ҳиндистон, Россиядаги хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қўшма таълим дастурларининг очилгани ёшларимиз учун бир вақтнинг ўзида 2 та университет дипломларига эга бўлиш имкониятларини яратди.
Охирги йилларда мамлакатимизда бир қатор йирик форумлар, саммитлар, халқаро миқёсда юқори даражаги тадбирлар ташкил этилди. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларга мезбонлик қилди ва муҳим ташаббусларни илгари сурди. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатиб, юксак эътирофларни намойиш этмоқда. Бу каби нуфузли тадбирлар юзлаб шарқшунос ёшларнинг кўнгилли таржимон сифатида иштирок этгани улар учун ҳам тажриба майдони, ҳам катта мотивация бўлди.
Билимларини синаб кўриш истагидаги волонтерлар сафи кенгайиб бораётгани албатта бизни қувонтиради. Демак, таржимашунослар, айниқса синхрон таржимонларни тайёрлаш ишимиз ҳам ўз самараларини кўрсатмоқда. Бу борада синхрон таржимонлар учун Жаҳон банкининг академик инновациялар фонди гранти асосида 140 минг долларлик лойиҳа якунланиб, янги таржима лабораториямиз ишга туширилаётгани ҳам янги имкониятдир.
Таълимнинг сифатли бўлишига эришиш йўлида ўқув дастурларини янгилаш, кредит-модуль тизимини амалга ошириш, электрон университет тизимига тўлиқ ўтиш, замонавий ўқув адабиётлари яратиш, ҳар жабҳани рақамлаштириш бўйича алоҳида режалар тузилди.
“Yevroturcologica.uz” электрон платформаси яратилади
Мурожаатномада айтилган вазифа ижроси асносида Президентимиз томонидан яқин кунларда янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги Фармони имзоланди. Унга кўра оптимизация қилинган вазирликлар орасида олий таълимга масъул вазирлик – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташкил этилди. Эндиликда юқорида айтилган тизимнинг 2- қаноти – фанни, илмий тадқиқотларни кучайтириш ва айниқса, инновацияларни яратишга эътибор юқори ўринга чиқди дейишимизга асос бор. Айнан шу масала ўқитувчилар ва талабалар орасида инновациялар яратишга қизиқишни кучайтириши, уларни рағбатлантириш механизмларини кучайтиришга диққат қаратишни талаб этади. Бу борада инноваицон лойиҳаларни давлат дастурлари доирасида ва университет ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан бирганликда яратиш йўлларида фаолият олиб борилмоқда. Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қаратилган буддавий обидаларнинг 3D форматдаги турмаршрутларини яратиш лойиҳаси, ишланаётган инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган аудио ёзувли дарсликлар, мобиль иловаларни яратиш, хорижий шарқ тилларидан замонавий электрон луғатлар, дарсликлар, тадқиқотлар яратиш, шунингдек, Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш лойиҳалари ҳам шулар жумласидан.
Халқаро алоқаларни янада кенгайтириш университетнинг устувор вазифаларидандир. “Дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни изчил давом эттирамиз. Бундан кейин ҳам асосий эътиборимизни Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратамиз”, деди Президентимиз. Бу борада юқоридаги вазифалар доирасида талабалар, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларни хорижий стажировкаларга юборилишининг аниқ режалари ишлаб чиқилди.
Талабаларнинг амалиётини хорижий ҳамкор ташклотларда ўтказиш, чет эллик олимларни ҳамкорликка чорлаш, дарс жараёнларига жалб этиш бўйича ҳам мақсадли режалар ишлаб чиқилди. Талабаларимиз Корея, Миср, Франция, АҚШ, Хитой, Япония, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларда ўқиб, малака ва тажриба орттириб келмоқда. Хорижий ҳамкорлар, халқаро ташкилотларнинг гранти асосида инвестицияларни жалб этиш ишимиз ҳам давом этади. Туркиянинг ТИКА ташкилоти, Япониянинг Митсубиши каби компаниялари, Жаҳон банки ҳам бу борада университетимиз учун каттагина маблағ сарфлашди.
Дунёнинг тарққий этган университетлари қаторидан жой олиш ҳам стратегик мақсадларимизга киради. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз самараси ўлароқ “THE – Times higher education” халқаро рейтингида 7 та йўналиш бўйича 400 дан 1001 ўрингача бўлиб, 2022 йилда репортер мақомига эришдик.
Франциядаги машҳур Лувр музейида шу кунларда давом этаётган миллий кўргазма халқимизнинг ноёб тарихий мероси, бетакрор маданияти ва анъаналарига хорижда қизиқиш қанчалик юқори эканини Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаб ўтди. Яқинда Парижда ўтказилган халқаро конференцияда айнан бизнинг шарқшунос битирувчиларимиз – олимларнинг маъруза билан қатнашгани, шунингдек, йирик хорижий мутахассисларнинг маърузаларида олимларимиз номи эътироф этилгани университетимиз танлаган таълим сифатини ошириш йўли тўғри йўналишда эканлигидан далолат бермоқда.
Зотан, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деган ақида кундалик мақсадимиз, интилишимиз ва амалий ишимизга айлансагина, инсон капитали орқали тараққий этган, илғор давлатлар қаторидан ўрин олишга эришамиз.
Гулчеҳра РИХСИЕВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори