Бобомнинг ҳар гал “Болам, сенга ишонаман, ҳали, албатта, энг яхши даргоҳларда таълим оласан, эл-юртга фойдаси тегадиган инсон бўлиб улғаясан”, деб ният қилгани ҳамон ёдимда. Худди шу ишонч ривожланишдан тўхташга ҳаққим йўқлигини эслатиб туради.
Тошкент молия институтини муваффақиятли тамомлаб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида иш бошладим. Банк тизими регуляторида фаолият олиб борар эканман, ундаги юқори билим ва тажрибага эга бўлган кадрлар, шунингдек, Жаҳон банки ҳамда Халқаро валюта жамғармаси мутахассислари билан яқиндан ишлаб, билим орттирдим, мутахассис сифатида ўсишга эришдим. Профессионал кадр сифатида ривожланишимни кейинги босқичга олиб чиқиш учун менда етишмаётган билимлар, илмий салоҳият ва кўникмалар ҳақида ўзим учун хулосалар чиқардим, шу жараёнда магистратурани ўқишим зарурлигини англадим.
Ишни сифатли таълим тизими билан ажралиб турувчи AҚШ, Европа ва Канада университетлари ҳақида маълумот йиғишдан бошладим. Бироқ замонавий банк тизими илдизи Буюк Британияга бориб тақалиши, ҳозир ҳам Лондон жаҳон банк-молия тизими пойтахти экани эътиборимни айнан шу мамлакатга қаратди. Бундан ташқари, онам инглиз тили ўқитувчиси бўлгани боис, болалигимдан мазкур мамлакат шаҳарлари, бой тарихи ва маданияти ҳақида муайян тасаввурга эга эдим. Буюк Британия мен учун маълум даражада ажралиб турарди. Ушбу мамлакатдаги университетларни ўрганар эканман, Бирмингем университети алоҳида эътиборимни қозонди. Буюк Британиянинг энг илғор илмий ҳамда юксак академик мавқега эга таълим даргоҳлари гуруҳига (Russel Group) кирувчи мазкур университетни кўплаб эътиборли шахслар, жумладан, бир қатор Нобель мукофоти совриндорлари, давлат раҳбарлари тамомлаган.
Aлбатта, чет элда таълим олишни режалаштириб, университетга қабул қилиниш — бу катта ютуқ, аммо аксар ҳолларда энг катта муаммо молиявий масалаларда ўз аксини топади. Буюк Британия дунёнинг яшаш харажатлари энг қиммат мамлакатлари қаторига киради. У ерда университетларда ўқиш учун зарур молиявий ресурслар ҳам мутаносиб равишда юқори ҳисобланади. Шу сабабли, бу мамлакатда ўқишим учун менга молиявий томондан кўмак бера оладиган грант дастурлари ҳақида маълумот йиғар эканман, “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантини ўзим учун кашф қилдим. Ушбу дастур кўплаб раҳбар кадрларни шакллантириши, кенг имкониятлар таклиф этиши билан эътирофга сазовор.
Иқтисодиётда рискларни “диверсификациялаш”, яъни тақсимлаш тушунчаси мавжуд. Шу маънода, мен ҳам рискларни тенг тақсимлаш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантидан ташқари, Буюк Британиянинг Chevening дастури грантига ҳам ҳужжат топширдим ва ҳар икки грант танловида ғолибликни қўлга киритдим. Ўз келажагим ва профессионал фаолиятимни Ўзбекистон билан боғлаганим сабабли айнан юртимиз учун кадрлар етиштиришни ўзига бош мақсад қилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантини танлашни тўғри қарор, деб билдим. Ҳозирги кунга келиб, айтишим мумкинки, жамғарма томонидан кўрсатиладиган молиявий кўмак ўзининг миқдори ва кўлами жиҳатига кўра, бошқа мамлакатларда ўхшаши йўқ.
Буюк Британияда ўқиш давомида ўзим учун мутлақо янги академик муҳитни кашф этдим. Биринчи семестр мен учун маълум даражада мураккаброқ ўтди, десам муболаға бўлмайди. Дарсларга ўзим учун анъанавий тарзда тайёргарлик кўрар эканман, янги мавзуларни тушунишда қийинчиликлар сезардим. Анъанавий деганда ўқитувчи томонидан берилган ресурслар доирасида ўқиш-ўрганишни назарда тутяпман. Академик талаблар ва муҳитдан шуни англаб етдимки, профессор-ўқитувчилар маълумот ва билимнинг асосий манбаси эмас. Уларни мавзу бўйича умумий йўналиш ҳамда тушунчаларни, қўшимча ресурсларга ҳаволаларни берувчи профессионал консультантлар сифатида таърифлаган бўлар эдим. Академик талабларни бажариш учун талаба фақат мустақил ўқишга (self-study) таяниши лозим. Бунда дарсда ўрганилган ҳар бир соатга камида икки-уч соат мустақил ўқиш, изланиш тўғри келади.
Университетнинг 1800 кишига мўлжалланган кутубхонасига борар эканман, ҳар сафар бўш ўринлар тақчиллигидан жой топишга камида 15-20 дақиқа вақт сарфлар эдим. Барча ўз устида ишлаш, мустақил ривожланиш билан овора, ташқи дунёга чалғимайди. 24 соат талабалар учун хизмат кўрсатувчи кутубхоналарда топшириқ ва имтиҳонларга кеча-кундуз тайёрланадиган толиби илмлар ҳам кўп.
Топшириқларни бажарар эканман, ўқитувчилар мендан асосланмаган субъектив қарашлар эмас, балки мавзу бўйича мавжуд ва тан олинган тадқиқотлар, мақолаларда қўлланилган методлар, ишончли маълумотлар, улар асосида бажарилган эмпирик таҳлилларим ва асослантирилган хулосаларимни кутишларини англадим.
Университетнинг одоб-ахлоқ ҳамда этика қоидаларига келсак, менинг эътиборимни тортгани бу кўчирмакашликка (plagiarism) муросасизликдир. Инсон бошқанинг меҳнатини ҳурмат қилиши лозимлиги, бировнинг сўровисиз ёки унга ҳавола келтирмасдан ишидан фойдаланиш, яъни кўчирмакашлик ўғрилик билан баробар экани мактаб даврларидан сингдирилади. Қайд этиш лозимки, университет томонидан кўчирмакашликни аниқлаш бўйича ахборот тизимлари пухта йўлга қўйилган, агар кимдир мазкур қоидабузарликка йўл қўйса, у талабалар сафидан чиқарилиши муқаррар.
Икки семестр давомида молиявий ва иқтисодий соҳадаги билимларимни бойитдим, энг муҳими, аввалдан ўзимнинг энг катта камчиликларимдан деб билган эконометрик ва илмий таҳлил қилишга оид салоҳиятимни оширдим. Ўқиш якунлангач, илмий раҳбарим билан маслаҳатлашиб, Ўзбекистон қатори ривожланаётган мамлакатлар учун актуал, бироқ ҳали кўп таҳлил қилинмаган мавзуни танлашга қарор қилдим. Марказий банкдаги фаолиятимдан келиб чиқиб, банкларни тартибга солиш тизимининг мураккаблик даражаси ҳамда мамлакатдаги молиявий оммабоплик даражаси ўртасидаги алоқадорликни Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари мисолида таҳлил қилдим, маълум бир тавсиялар ишлаб чиқдим. Хулосаларим, билим ва кўникмаларимни келажакда профессионал фаолиятим доирасида қўллай олишимга ишонаман.
Хуллас, Буюк Британияда ўтган талабалик даврим нафақат академик, балки ҳаётий таассуротларга ҳам бой бўлди. Бу давр мобайнида мен нафақат кадр сифатида, балки маълум бир даражада шахс сифатида ҳам ўсишга эриша олдим деб ўйлайман. Турли миллатга мансуб дўстлар орттирдим, уларнинг маданиятини ўргандим, ўзимизнинг маданият, тарих ҳақида ўртоқлашдим. Бу ҳам дипломатиянинг бир кўриниши аслида.
Хориждаги ўқишимни муваффақиятли тамомлаб, юртимизга қайтиб келдим. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқдаман. Вазифам банк назоратига оид умумэътироф этилган стандарт ва тажрибаларни банк тизими хусусиятларидан келиб чиқиб жорий қилишдан иборат. Ҳозирги кунда жамоамиз билан макропруденциал инструментлар, рискка асосланган назоратни жорий қилиш, ликвидлилик ва капитал монандлигига доир амалдаги талабларни “Базель III” стандартларига янада мослаштириш бўйича ишламоқдамиз.
Режаларимга келсак, билим ва кўникмаларим асосида мамлакатимизда нафақат банк барқарорлигини таъминлашга қаратилган, балки тизимга янги молиявий технологиялар, ечимлар жорий қилинишини таъминлай оладиган мақбул регулятор режим яратилишига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Темурбек УСМОНОВ,
Марказий банк Кредит ташкилотлари фаолиятини
тартибга солиш методологияси департаменти бошқарма
бошлиғи ўринбосари