Маълумки, инвестицияларни, айниқса, чет эл сармояларини жалб қилиб, бунинг учун керакли ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш ҳар қандай давлатнинг равнақига хизмат қилади. Қувонарлиси, Ўзбекистон мана шундай масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, чет эллик тадбиркорларга ўз бизнесини юритиши учун катта имкониятлар яратмоқда. Бу — Янги Ўзбекистон танлаган ёруғ йўл.
Сўнгги йилларда республикада хорижий инвестицияларни устувор лойиҳаларга йўналтиришга катта аҳамият қаратиб келинмоқда. Фаолиятимиз эркинлигининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлиги келгусига ишончни таъминлаяпти.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан янги шаклдаги очиқ мулоқот ташкил этгани катта ҳодиса. Мамлакат тарихида илк бор ўтказилган бундай учрашувда соҳада фаоллик кўрсатаётган жами 10 мингдан ортиқ тадбиркор қатнашди. Демакки, уларнинг муаммолари, таклифлари тингланди. Шубҳасиз, бундай мулоқот мамлакат иқтисодиётини жадал ривожланишга хизмат қилади.
Буни қарангки, Ўзбекистонда айни пайтда давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган 160 турдаги хизматнинг 75 таси бевосита тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ экан. Соҳа вакилларига берилаётган бундай эътибордан англаш мумкинки, мамлакат Президенти тадбиркорларни жон қулоғи билан эшитади, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратади.
Таъкидлаш жоиз, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилгани янги субъектлар сонининг кескин кўпайишига, шунингдек, аввалдан ишлаётганлари фаолиятининг янада кенгайишига хизмат қилмоқда. Шу боис сўнгги беш йилда тадбиркорлар сони 3 бараварга ошган. Ўз навбатида, минглаб иш ўринлари яратилди. Яна бир муҳим жиҳат: Ўзбекистонда ички ва ташқи бозорда ўз обрўсига, брендига эга тадбиркорлар синфи шаклланмоқда.
Термиз шаҳрида Туркиянинг “Kanimed Healthcare” компаниясининг “Alles Saglik Group” Термиз маркази ҳамда “KANI-LAB” лабораторияси фаолияти йўлга қўйилган. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораторияларимизни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ташкил қилганимиздан ва бунга етарлича шароит яратилганидан хурсандмиз.
Уларда бир томчи қондан 200 турдаги таҳлилни амалга ошириш имкони мавжуд. Катта ҳажмга эга автомат биокимёвий иммуноанализатор орқали қон зардобидаги барча параметрларни аниқлаб беради. Марказимизда аллергик ҳамда ўсма касалликларни эрта аниқлаш имконини берувчи замонавий ускуналар ўрнатилгани маҳаллий аҳолига бир қанча енгилликларни яратмоқда.
Ўзбекистон Президенти йўллаган миннатдорлик хати бизга катта қувонч улашди. Келгусида лаборатория-диагностика марказимиз фаолиятини янада кенгайтириб, нафақат маҳаллий аҳоли, балки, бошқа давлатлар аҳолисига ҳам хизмат кўрсатиш, тиббиёт туризмини ривожланишига ҳам ўз хиссамизни қўшамиз. Чет эллик тадбиркорларга қаратилаётган эътибор ва билдирилаётган ишончни оқлаш учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз.
Эрдоған ФИЛИЗ Марашлиоғлу,
Сурхондарё вилоятидаги “Alles Sag‘lik Group”
хорижий корхонаси раҳбари.