Октябрь ойи охирида Европада денге иситмасига чалиниш билан боғлиқ 105 та ҳолат тасдиқланган, улардан 66 таси Италияда, 36 таси Францияда ва учтаси Испанияда қайд этилди. Бу ҳақда Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази хабар берди.
Вирус чивинлар орқали тарқалади. Чаққандан кейин инкубация даври уч кундан икки ҳафтагача давом этади. Баъзиларида касаллик асоратларсиз кечади, шунинг учун одамлар шифокорга мурожаат қилмайди. Бошқаларида иситма, бош оғриғи, титроқ, кўнгил айниши ва тошма тошиши кузатилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистик маълумотларига кўра, сўнгги йигирма йил ичида дунёда денге билан касалланганлар сони ярим миллиондан беш миллионгача ошди. Инфекция юзлаб мамлакатларда учрайди.
Денге Жануби-Шарқий Осиёдан келиб чиққан бўлиб, у асосан Aedes aegypti чивинлари томонидан юқади. Ҳозирда бу ҳашаротлар бутун дунё бўйлаб тарқалган, деб хабар беради ria.ru.